Экошаҳарга автобус қатнови йўлга қўйилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан вилоят маркази ва барча шаҳар-туманларда жамоат транспорти фаолиятини яхшилаш мақсадида хориждан сўнгги русумдаги замонавий автобуслар олиб келинмоқда. Жорий йилда Хитойдан 48 та янги автобуслар олиб келиниб, ички йўналишларга жойлаштирилди.
— Эзгу ташаббус доирасида шу кунларда вилоят марказида бунёд этилаётган Экошаҳарни шаҳар маркази ва бошқа ҳудудлари билан боғловчи 12 та янги автобуслар қатнови йўлга қўйилди, — дейди Фарғона вилояти транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Шамсурбек Маҳмудов. — Боиси Экошаҳар аҳолиси кундан-кунга кўпайиб, ушбу ҳудуд вилоятнинг ўзига хос туристик манзилига ҳам айланмоқда.
Айтиш жоиз, 300 гектар майдонда барпо этилаётган Экошаҳарда 65 минг аҳоли истиқомат қилиши учун зарур қулайликлар муҳайё этилмоқда. Шунингдек, ушбу масканда 4 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр, 70 гектарда “Янги Ўзбекистон” боғи, сунъий кўл, мусиқий фавворалар ва хиёбонлар, таълим муассасалари мавжуд.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг