Экологик муҳит барқарорлиги таъминланмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Андижон вилоятида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида чиқиндиларни қайта ишлаш, шу тариқа уларнинг инсон саломатлигига бўлган зарарини олдини олиш мақсадида замонавий махсус идишлар ўрнатилмоқда.
- Бунда Хитой тажрибасидан фойдаланилмоқда, -дейди вилоят табиат ресурслари бошқармаси масъул ходими Лочинбек Исомуддинов. – Яъни, идишлар бир неча қисмларга ажратилган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида чиқинди маҳсулотларига мўлжалланган. Чиқиндилар шу тариқа турларга ажратилади ва қайта ишлашга йўналтирилади. Шу орқали нафақат, ҳудудлардаги озодаликни таъминлаш мумкин, балки, аҳолининг экологик маданиятини ва табиий муҳитни шакллантириш, борлиққа етказилиши мумкин бўлган салбий таъсирларнинг олдини олиш мумкин.
Айтиш жоиз, ҳозирда вилоятда бир кунда 2100 тонна чиқинди йиғилади. Уларнинг 14,5 фоизи қайта ишлашга йўналтирилади. 2022 йилда вилоятда 1158 та замонавий чиқинди идишлари ўрнатилган эди. Жорий йилнинг шу даврига қадар бу кўрсаткич яна 432 тага ортди. Тез орада вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманлари марказларида 50 тадан ана шундай қутиларнинг ўрнатилиши режалаштирилган. Замонавий идишлар чиқиндиларни хом ашёга айлантириб, қайта ишлаш орқали истеъмолга жалб этиш имкониятини оширади. Бу эса табиийки, экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш билан бир қаторда, мамлакат иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг