ЕХҲТ кузатувчилари – Фарғона сайлов комиссиясида
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг узоқ муддатли кузатувчилари – Бенедикт Уильямс ва Михаэль Хаусманн Фарғона вилоятида сайловга тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишмоқда.
Фарғона вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Эркинжон Нуралиев билан юзма – юз мулоқотда хорижлик кузатувчилар бир қатор шаҳар – туманларда бўлиб сайловчилар билан суҳбатлашгани ҳамда сайловга тайёргарлик жараёнлари билан боғлиқ тараддуд ишлари юксак даражада ташкил этилаётганини эътироф этишди. Ўз навбатида, европалик кузатувчиларга ҳудудий сайлов комиссияси зиммасидаги асосий вазифалар, сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва амалий тажрибасини ошириш, сайловчиларнинг электрон рўйхатини шакллантириш ҳамда сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун яратилган тенг шароитлар хусусида маълумот берилди.

— Фарғона вилоятидаги ўрганишлар давомида ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларининг иш фаолияти, уларга яратилган шарт –шароитлар билан ҳам яқиндан танишдик,—дейди ЕХҲТнинг узоқ муддатли кузатувчиси Бенедикт Уильямс.—Сайловга тайёргарлик ишлари миллий ҳамда халқаро тартиб-тамойилларга мувофиқ тарзда олиб борилмоқда. Ҳудудий сайлов комиссиялари аъзоларининг сиёсий маданияти юксак даражада.
Шунингдек, юртингиз табиати, бозорлардаги мўл-кўлчилик ҳам бизга манзур бўлди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг