Эҳтиёжманд оилалар — доимий эътиборда
Фото: «Халқ сўзи»
Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан Янги йил байрами олдидан “Темир дафтар” рўйхатида бўлган, 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи ҳамда ногирон болалари бор оилаларга 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз туманининг «Орол» МФЙда бўлиб, “Темир дафтар” рўйхатида турган бир неча оилалар ҳолидан хабар олди. Хонадон эгаларига Президентнинг Янги йил табриги, бир марталик моддий ёрдам пули ва байрам совғаларини топширди.
— Турмуш ўртоғим иккинчи гуруҳ ногирони. Оилавий даромадимиз кам. Бизнинг оила "Темир дафтар" рўйхатига олингач, давлатимиз ва халқимизнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигини ҳис этиш баробарида рўзғоримизга файз кирди, — дейди "Орол" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муаззам Алиқулова. — Сектор раҳбарлари, маҳалладошларимизнинг беминнат моддий ва маънавий кўмаги коронавирус пандемияси даврида, айниқса, бизга катта далда бўлди. Янги йил байрами арафасида Президентимизнинг совғасини олиб, янада қувониб кетдик. 2022 йилни мана шундай кўтаринки ва янги умидлар билан кутиб олаётганимиз — бахтимиздир.
Янги йил байрами арафасида Сурхондарё вилоятида яшовчи 43 минг 49 оилага 34,3 млрд. сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилиши назарда тутилган.
Илҳом Раҳматов, "Халқ сўзи".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг