Дунёнинг етакчи «ақл маркази» Элдор Туляковнинг "COVID-19: actions taken in Uzbekistan" номли мақоласини эълон қилди

11:07 16 Июль 2020 Сиёсат
1466 0

Йил бошидан буён дунё ҳамжамиятини ташвишга солган COVID-19 муаммоси ҳанузгача ўз долзарблигини йўқотганича йўқ. Соат сайин ошаётган қурбонлар сонини камайтириш устида ҳар бир давлат тизимли чора-тадбирларни қамраб олган ўз стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг қанчалик ўзини оқлагани ёки аксинча бўлганини эса албатта COVID-19 билан зарарланиш динамикаси кўрсатади.

Ўзбекистонда кўрилган карантин чоралари туфайли COVID-19 билан касалланиш даражасининг аҳоли сонига пропорционал нисбати бошқа давлатлар билан солиштирилганда минимал ҳисобланади.

Аҳоли саломатлиги биринчи ўринда, лекин ҳукумат мамлакатни иқтисодий инқирозга тушиб қолмаслик чорасини ҳам кўриб қўймоғи лозим. Рақамларга мурожаат қилсак, Ўзбекистонда аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чора тадбирларнинг умумий қиймати 62,4 млрд. сўмга (6,13 млрд. долл) тенг эканига гувоҳ бўламиз. Айтиш жоизки, мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон пандемиянинг негатив таъсирлари оқибатида иқтисодиётида пасайиш кузатилмаётган, балки иқтисодий ўсиш суръатлари 1,5 фоизгача камаядиган камсонли мамлакатлар сирасига киради. Бу рақам бошқа кўплаб мамлакатлардан анча юқори кўрсаткичдир.

Шу сабабли ҳам қатор хорижий давлатлар COVID-19 пандемияси ва глобал иқтисодий инқирозга қарши кураш бўйича Ўзбекистон стратегиясига қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, бугун (2020 йил 14 июль куни) нуфузли ақл марказларидан ҳисобланган Буюк Британиянинг The Foreign Policy Centre – Ташқи сиёсат маркази томонидан «Тараққиёт стратегияси» ижрочи директори Элдор Туляковнинг "COVID-19: Actions taken in Uzbekistan" яъни “COVID-19: Ўзбекистон томонидан амалга оширилган чоралар” номли тахлилий мақоласи чоп этилди. Бу ҳақда «Тараққиёт стратегияси» маркази Ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу мақола ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

Ташқи сиёсат маркази сайтида эълон қилинган мақоланинг инглиз тилидаги асли билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: https://fpc.org.uk/covid-19-actions-taken-in-uzbekistan

Қарийб 25 йиллик тажрибага эга ушбу Марказ (FPC) нашрлари асосан ўз таҳлилларини бутун дунё экспертларининг фикрлари билан бирлаштирадиган чуқур тадқиқот лойиҳаларини амалга оширади. Унинг миссияси бутун дунёдаги мутахассислар, олимлар ва фаолларнинг ғоялари, билимлари ва тажрибаси учун очиқ ва қулай жойни тақдим этишдан иборат.

Бундан аввал ҳам «Тараққиёт стратегияси» марказининг Италиядаги ҳамкори leurispes.it томонидан Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган тизимли ишларга оид маълумот жорий йилнинг 14 февраль куни ўз расмий сайтларида чоп этилиб, Италия сиёсатчилари ва таҳлилчиларига етказилган эди.

Қолаверса яқиндагина «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан эълон қилинган “COVID-19 пандемияси ва глобал иқтисодий инқирозга қарши кураш: ЎЗБEКИСТОН СТРАТEГИЯСИ” номли рисола рус ва инглиз тилларига ҳам таржима қилинмоқда. Ушбу қўлланма орқали дунё ҳамжамияти Ўзбекистонда иқтисодиёт, бизнес, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ҳамда ҳаёт учун зарур бўлган бошқа муҳим соҳаларда қабул қилинган чора-тадбирлар ва уларнинг жорий йил июнь ҳолатига оид натижалари билан танишишлари мумкин бўлади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, «Тараққиёт стратегияси» маркази пандемия шароитида нафақат халқаро ҳамжамият балки мамлакатимиз аҳолисини ҳам COVID-19 га қарши курашишда ас қотувчи керакли ва фойдали маълумотлар билан ҳам таъминлаб бормоқда. Март ойидан ҳозирга қадар мавзуга оид 30 га яқин инфографика ва 10 дан ортиқ видеороликлар Марказ расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган ва бу борадаги ишлар давом этади.

Яқин кунларда Марказ Ўзбекистонда яна карантин чекловларининг кучайтирилганининг сабаби ва бунда яна нималарга эътибор қаратиш кераклиги ва хориж тажрибаси ҳақида қатор медиа-маҳсулотларни тайёрлашни режалаштирмоқда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер