Дунё ижобий акс садо бермоқда

10:51 09 Май 2018 Жамият
1462 0

Ислом динининг юксак маънавий аҳамиятини тарғиб этиш учун юртимизда олиб борилаётган ишлар бутун дунёда катта қизиқиш уйғотаётгани оммавий ахборот воситалари орқали кўпчиликка маълум.

Аввал хабар берганимиздек, шарқшунос ва исломшунос бир гуруҳ ўзбек олимлари Францияга сафари давомида ўтказаётган учрашувлари ҳар икки мамлакат алоқаларининг мустаҳкамланиб боришига хизмат қилади. Франция мусулмонлари кенгаши фахрий президенти, Париж жоме масжиди имоми Далил Бубакр, муфтий Ж. Бузиди билан ҳамюртларимизнинг мулоқоти чоғида диний соҳадаги ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, мусулмон ҳамжамиятига бундан етадиган фойда ҳамда манфаатлар ҳақида сўз борди.

— Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг оламшумул аҳамиятга молик ташаббуслари ҳисобланади, — дейди  Ж. Бузиди. — Бу ишлар ўтмишда бўлгани каби ўзбек заминидан кўплаб олиму фузалолар етишиб чиқишига хизмат қилишига, улар, ўз навбатида, ислом маърифатининг дунё бўйлаб кенг ёйилишига улкан ҳисса қўшишларига ишонаман.

— Биз ислом динининг Ўзбекистондаги маърифий, бағрикенглик тамойилини, ёшларни яхши анъаналар руҳида тарбиялашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз, — дейди Далил Бубакр. — Яқин кунларда Тошкент, Самарқанд, Бухорога делегациямизни юборишни режалаштираяпмиз. Имом Бухорий, Имом Термизий мақбаралари, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилишдек орзуларимиз тез кунларда ижобат бўлгай, ин шаа Аллоҳ.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 16 апрелда имзоланган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар дунёнинг турли бурчакларида ижобий акс садо бераётгани бежиз эмас. Бинобарин, бу ислом динининг умрбоқий қадриятлари башариятга дахлдор эканлигининг ёрқин далилидир.

Шойим БЎТАЕВ
тайёрлади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер