ДТМ тест синовлари натижаси бўйича апелляция шикоятларини кўриб чиқиш тартиби ҳақида маълумот берди
Қайд этилишича, унга кўра, апелляция шикоятини берган абитуриентларга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.
Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хабарнома ва абитуриент рухсатномаси билан Давлат тест марказига келиши шарт.
ДТМда апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апеллация комиссиясига тақдим этади.
Апелляция шикояти апеллация комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.
Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апеллация комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Абитуриент мурожаат қилганда унга апеллация шикояти бўйича қабул қилинган қарордан кўчирма берилади.
Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.
Апелляция комиссиясининг қарори Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг