Дронлардан фойдаланиш қишлоқ хўжалигида самарадорликни янада оширади

11:46 15 Апрель 2026 Жамият
218 0

Сўнгги йилларда дунёнинг кўпчилик давлатлари сингари мамлакатимизда ҳам сув ресурсларини тежаш, шу йўналишда замонавий техника ва технологияларни кенг қўллашга давлат миқёсида катта эътибор қаратилмоқда. Агар 2017 йилда томчилатиб суғориш технологияси атиги 19 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, 2025 йилга келиб унинг қамрови 2,6 миллион гектарга етди. Кечагина қиммат, сарфланган пулни оқламайди, ана ариқда сув бемалол, ортиқча ташвишга тоқатим йўқ, деб юрган фермерларнинг ўзлари бугун томчилатиб суғориш тизимини кўпроқ майдонларда қўллашга интилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, 2028 йилгача томчилатиб ва бошқа тежамкор суғориш технологиялари жорий этилган майдонларни 3,5 миллион гектарга етказиш мўлжалланган ва бу жами суғориладиган ерларнинг қарийб 80 фоизи демакдир. Бу янги технология ўз навбатида далага ишлов бериш борасидаги қарашлару усулларни ҳам буткул ўзгартириши тайин. Гап қишлоқ хўжалигида дронлардан кенг фойдаланиш ҳақида бормоқда.

—Дрон — том маънода мўъжиза. Унинг ёрдамида пайкалнинг ҳолатини ҳаводан мониторинг қилиш, айрим хизматларни олдингидек — ўсимликни пайҳон қилиб тракторда эмас, балки экинга зиён етказмасдан муаллақ ҳолатда амалга ошириш мумкин, —дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ерлар деградациясига қарши курашиш ва маълумотларни таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Саъдулла Зайнабудинов. —Ушбу технология фермерларга маҳсулот етиштиришда тезкор ва ишончли қарорлар қабул қилиш, ресурсларни тежаш, харажат ва чиқиндиларни камайтириш, энг муҳими тупроқ унумдорлигини ошириш имконини беради. Швейцария, Нидерландия, Германия, Швеция, Хитой, АҚШ, Япония сингари давлатлар турли русумли дронларни ишлаб чиқарган ҳолда бу техникалардан самарали фойдаланишга аллақачон ўтишган. Мазкур қурилмалар картография соҳасида, хусусан ерларнинг ортофотопланини тузиш, аэрофотосуратлар олишда ҳам жуда қўл келади. Бунинг натижасида ҳудудларнинг 3Д модели яратилади.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, Президентимизнинг 2021 йил 24 февралдаги ПҚ-5006-сон қарори республикамизнинг аграр тармоғида дронлардан кенг фойдаланишга туртки берди. Ўша йилнинг ўзидаёқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 3 хил мақсадда, яъни картография, мониторинг ҳамда агротехник тадбирлар (ўғит, уруғ ва дори воситаларини сепиш) учун жами 9 дона дронлар харид қилиниб, тажриба сифатида қўллаш йўлга қўйилди.

Мониторинг дронлари ўз номига мос бўлиб ерлар ва экинларнинг ҳолатини, ўсимлик ва тупроқдаги намлик миқдорини, озуқа элементлари билан таъминланганлик даражасини, касаллик ва зараркунандаларнинг мавжудлигини аниқлашга хизмат қилади.

PIX4D дастурий таъминоти фонида дифференциал нормалар(VRA)ни қўллаш дронни самарали бошқаришда катта қулайлик яратади. Буни фермернинг ўзи ё унинг ишчиси ҳам уддалай олади. Фақат маълум муддат махсус курсда ўқиш ва тажриба орттириш лозим холос. Йил сайин қишлоқ хўжалиги тизимида агро(спрей) дронларнинг хизматига бўлган талаб ошмоқда. Бу техникалар кўмагида кичик уруғлардан тортиб суюқ ва қаттиқ кўринишдаги ўғитларни сепиш, ўсимликнинг касаллик ва ҳашаротларига қарши кимёвий ва биологик ишловни қўллаш мумкин.

—Ўтган йил вазирлик томонидан жами 100 та (50 та мониторинг ва 50 та спрей) дронлар харид қилинди ва бу техникалар Хитой технологиясига кўра чигит экилган 10 минг гектардан зиёд пахта майдонларида юқори натижа кўрсатди. – дейди Президентимизнинг 2025 йил 12 августдаги ПФ-130-сон Фармонига асосан вазирлик тизимида ташкил этилган “DRONE SERVICE” корхонаси раҳбари Н. Ўринов. —Бундан ташқари, DJI компаниясидан 40 та “Т100” ва 10 та “Т70” русумли агродронларни ҳам харид қилдик. Шунингдек, DJI академиясида мутахассисларни ўқитишни ҳам йўлга қўйдик.

Н. Ўриновнинг сўзларига қараганда агродронлар қиммат, ўртача 35 минг доллардан баланд, аммо бугун юртимиз далаларида хорижнинг 100-150 минг доллардан баланд нархдаги тракторлари ишлаётганини эътиборга оладиган бўлсак, замонавий ускунанинг нархи кўпам юқори кўринмайди. Қолаверса агродрон ёрдамида 1 гектарлик экинзорни биргина дефоляция ёки десикация қилиш тадбири мисолида трактор билан солиштирсак сув 10 бараварга, ёнилғи 5 баробарга кам сарфланиши аён бўлади. Устига устак бу агротехник тадбир 10 карра тез бажарилади ва (трактор ишлатилганда экиннинг бир қисми ғилдираклар остида эзилиб нобуд бўлади) ғалвир сувдан кўтарилган чоғ ҳосилдорлик 20 фоизгача ошади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, жорий йил Республикамиз бўйича 300 минг гектар ( жами пахтазорнинг 34 фоизи) майдонда Шинжон агротехнологияси асосида пахта етиштирилади. Бу пайкалларга тракторлар ва турли механизмлар билан ишлов беришнинг имконияти чекланган. Чунки суғориш ва озиқлантириш қўшқаторлар орасидаги қувурлар кўмагида амалга оширилади. Тракторни далага киритиш тизимни буткул бузиб юборади. Демак фермер учун энг мақбул йўл дронни қўллаш.

—Шунга мос равишда барча имкониятларни тўлиқ ишга солишга, мутахассислар малакасини ошириш кўламини янада кенгайтиришга астойдил бел боғлаганмиз, — дейди “DRONE SERVICE” раҳбари. — Ҳозирданоқ қайси мутахассис қайси ҳудудда фаолият олиб боради, барчасини аниқлаб қўйдик. Шинжон агротехнологияси асосидаги пахта майдонларини тўлиқ қамраб олиш учун жами 120 дан ортиқ сўнгги русумдаги агродронлар ва 50 дан ортиқ мобиль дронкомплекслари хизматга шай турибди. Менимча, келгусида юртимизда ҳам импортдан тўлиқ воз кечган ҳолда ўзбек дронларини ишлаб чиқаришга киришилади. Йирик тадбиркорларда шундай истак бор, илмий муҳандислик салоҳиятимиз, техник имкониятларимиз ҳам хорижникидан асло кам эмас. Муҳими агродронларга бўлган талаб кундан кунга ошмоқда. Фермерларни қўятуринг, катта бир қишлоқ аҳли учун ҳам келгусида томорқадаги ҳосилга ишлов бериш мақсадида дрон сотиб олиш фойдали бўлиши тайин. Агар бирор тадбиркор шундай хизматни ташкил этса, 200-300дан ортиқ томорқа эгалари яшаётган маҳалла аҳли дронсервисга эътибор қаратиши тайин. Республикамизнинг чўл ҳудудларида яшовчи чўпон-чўлиқларига ҳам дронлар керак, жуда керак. Демак бу ускунага эҳтиёж катта. Дронларни маҳаллийлаштириш тезроқ рўёбга чиқса ускунанинг нархию ишлов бериш харажати кам кескин пасаяди. Бу давлатимиз раҳбари ният қилганларидек қишлоқ хўжалиги соҳасида инновациялар юқори самара берди, фермернинг мушкули осон бўлди, даромади кескин ошди деганидир.

Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер