Достонободда даромадсиз оиланинг ўзи йўқ...

08:08 15 Февраль 2022 Жамият
669 0

Фото: Халқ сўзи

Уйдан чиқмаган ҳолда даромад топиш, қўшимча маблағ ишлаш аксарият андижонликларга хос фазилат. Шу боис қай бир хонадонга кирманг, томорқасида бўш турган бир қарич ерни тополмайсиз. Айниқса, кексалари бор уйда ҳатто қишда ҳам ер бекор қолмайди. Жалақудуқ туманидаги Достонобод маҳалласида истиқомат қилувчи Дилоромхон опа Юлдашева ана шундай фахрийлардан бири.

Онахон, гарчи кексалик ёшида бўлсада, йил – ўн икки ой экин-тикиндан бўшамайди.

— Томорқам унча катта эмас, — дейди суҳбат чоғида онахон. — Шу боис атиги бир сотих майдонда иссиқхона барпо этганмиз. Унда 20 туп лимон парваришлайман. Ҳар йили ўртача 40-50 кило ҳосил йиғаман. Ҳосилни бозорма-бозор кўтариб юрмайман. Харидорлар ўзлари келиб, олиб кетишади.

Оила соҳиблари иссиқхонани 2,5 метр ер остида барпо этганлар. Бунинг сабаби, шу усулдаги иссиқхонани қишда иситишга ҳожат йўқ. Мўъжазгина боғдаги экинлар қишда ҳам парвариш талаб қилади. Шу боис яқинда чилла суви билан суғорилди. Бу экинни турли зарарли ҳашаротлардан ҳимоя қилади. Кўчатлар оралиқ эгатига табиий ўғит солинди. Бу эса мўл ҳосил гаровидир. Оила соҳиблари ўзлари учун эрмак бўлиб қолган шу юмуш ортидан ҳар йили 5-6 миллион сўм соф даромад топадилар. Ўтган даврда олинган даромад эвазига савдо дўкони очдилар, тегирмон қурдилар. Ҳозирда эса асаларичиликка ҳам қўл уришмоқда. Шуларнинг барчаси бир сотих майдондаги лимонзорнинг баракасидир.

— Бу оила маҳалламиздаги энг кичик иссиқхона эгаси ҳисобланади, — дейди «Достонобод» МФЙ раиси Зулфияхон Мирзаева. — Энди бошқа оилаларнинг биргина лимондан қанча даромад топаётганини тасаввур қилаверинг. Умуман олганда, маҳалламизда 740 та хонадон бўлса, шуларнинг асосий даромади иссиқхоначилик билан боғлиқ. Кимдир цитрус мевалар билан шуғулланса, бошқаси гулчиликнинг ҳадисини олган. Лимончилик бўйича алоҳида тажриба мактаби яратилган. Айнан лимон етиштириш билан шуғулланувчи оилалар сони 60 тани ташкил этади. Яқинда хатлов ишларини амалга оширганимизда яна 30 нафар маҳалладошимиз лимончиликни йўлга қўйиш истагини билдирди. Ҳозирда уларга амалий ёрдам бериш чораси кўрилмоқда.

Маҳалла раисининг айтишича, ушбу ҳудудда бирорта ҳам ишсиз фуқаронинг ўзи йўқ. Аксинча, пишиқчилик мавсумида қўшимча ишчи кучига эҳтиёж сезилар экан.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер