Дориломон кунлар шукуҳи
Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"
У кунлар энди хотира. Аммо қора кунлар ёди ҳануз яшайди. Боболар кезган жанггоҳлар ўрни энди кентлар, обод шаҳарларга айланган. Бу ерларда хиёбонлар, хотира майдонлари барпо этилган.
Музаффар мамлакатларда ҳар йили 9 май — хотира куни сифатида нишонланади, лекин бизнинг юртда бу кунда уруш ва меҳнат фахрийлари билан бирга, мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам хотирланади, оилаларидан хабар олиниб, умргузаронлик қилаётганлари эъзозланиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
Дориломон кунларга етиб келган отахонлардан бири, Тошкент шаҳри Учтепа туманида истиқомат қилаётган Қирғизбой ота Камоловдир.
У киши фронтга отланганида ўн тўққиз ёшда, 1942 йилнинг феврали — айни уруш қизиган палла эди. Навқирон йигит аввал Саратов вилоятидаги танкчилар тайёрлаш билим юртида ўқийди, ноябр ойида Воронеж шаҳрига, Сталинград 5-танк постига жўнатилади. Воронеж немислар қўлидан тортиб олингач, ундан Курск-Орлов жангида қатнашиб, сўнгра Киевни озод қилишади.
Қирғизбой ота Вена, Прага шаҳарларидан фашистларни қувиб чиқаришда ҳам қатнашади.
— Урушдан давр тақозосига кўра қарийб беш ярим йил деганда — 1947 йилнинг апрелида ватанимга қайтиб келдим, — дейди отахон. — Кейинчалик ҳам юрт равнақи йўлида имконим борича меҳнат қилдим. Шунисига ҳам шукр, фарзандлар, халқимиз, давлат раҳбарининг ардоғидаман. Тўқсондан ошган пиру бадавлат мўйсафидга бундан ортиқ нима ҳам керак?!
Отахон дориломон кунлар, осудалик, бахтли ҳаёт учун шукрона келтиради. Қўли ҳамиша дуода.
Дилбархон УМУРЗОҚОВА.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг