Дорихона ходимининг харид қилинган дорини қайтариб олмаслиги ва алмаштириб бермаслиги тўғрими? — долзарб саволларга аниқ жавоблар

15:21 14 Октябр 2020 Жамият
6238 0

Бугун АОКАда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Қизлархон Бегматова иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда дори-дармон савдоси ва аптекалар фаолиятига оид саволларга жавоб қайтарилди.

Савол: Давлат рўйхатидан ўтган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг сифатсиз, белгиланган талабларга номувофиқ ишлаб чиқарилган, нуқсонли ҳолатларига дуч келганда кимга ва қаерга мурожаат қилиш керак?

Жавоб: Агар сиз давлат рўйхатидан ўтган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг сифатсиз, белгиланган талабларга номувофиқ ишлаб чиқарилган, нуқсонли ҳолатларига дуч келсангиз, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг @uzpharmagency_bot алоқа ботига ёки (71) 2340604 ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.

Маълумот ўрнида, аноним (муаллиф исми, шарифи, яшаш жойи кўрсатилмаган ёки сохта бўлган) мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида» Қонунига асосан кўриб чиқилмайди.

Савол: Дорихона ходимининг харид қилинган дорини қайтариб олмаслиги ва алмаштириб берилмаслиги тўғрими?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарори билан тасдиқланган (2 иловаси) - Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш қоидаларининг 39-бандига кўра дорихоналардан реализация қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар қайтариб олинмайди ва шунга ўхшаш дори воситалари ва тиббий буюмларга алмаштирилмайди.

Савол: Дорихона ходими дори воситасини доналаб сотишни рад этди. Бу тўғрими?

Жавоб: ВазирларМаҳкамасининг «Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 30-бандига мувофиқ, дори воситасини доналаб сотишга рухсат этилади.

Бунда жойлаш-ўраш материалида дори-воситасининг:

✔️номи,

✔️серияси,

✔️яроқлилик муддати

✔️ва ишлаб чиқарувчиси кўрсатилиши керак.

Дори воситасини бирламчи ўрами бузилган ҳолда бериш тақиқланади.

Савол: Баъзи дори қутиларини устида GMP ёзувини кўрамиз. Бу нимани англатади?

Жавоб: GMP - Good Manufacturing Practice - Зарур ишлаб чиқариш амалиёти деган маънони англатади.

Бугунги кунда аксарият ривожланган давлатларда GMP сифат стандарти - дори воситалари, витаминлар, минераллар ва озиқ-овқат қўшимчаларини ишлаб чиқаришда давлат назоратининг асоси сифатида қабул қилинган.

Бундай мамлакатларда миллий стандартлар GMPнинг асосий тамойиллари асосида ишлаб чиқилган, шунингдек, ишлаб чиқарилиши GMP стандартига тўғри келмайдиган дори воситаларини олиб кириш тақиқланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер