ДХХ Фарғонада 4,5 кг гашиш моддасини мусодара қилди, Навоийда эса нарколаборатория фош этилди

09:53 18 Март 2026 Жамият
221 0

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда бир неча килограмм «гашиш» ва нарколаборатория фаолияти фош этилди.

ДХХнинг Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамкорлигида Фарғона шаҳрида махсус амалиёт ўтказилди. Тадбир давомида 1989 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг сумкаси холислар иштирокида текширилганда, ичида 4 кг 463 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланди.

Суриштирув давомида ушбу жиноятга унинг 1990 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик билан боғлиқ жинояти учун судланган укаси ҳам алоқадор экани маълум бўлиб, у ҳам процессуал тартибда ушланди. Маълум бўлишича, ака-укалар Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу заҳри қотилни Фарғона вилояти ҳудудида сотишни режалаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 2000 йилда туғилган фуқаро тўхтатилиб текширилганда, ёнидан 8 та ампулада гашиш мойи ва 10 дона фольгага ўралган гашиш топилди.

Тезкор қидирув ишлари унинг яшаш хонадонида давом эттирилганда, фуқаро уйини нарколабораторияга айлантиргани фош бўлди. Хонадондан 34 дона изолентага ўралган гашиш, 63 та ампула ва 2 та шприцдаги гашиш мойи, яна 640 гр гашиш мойи ва 2 гр қўлбола гашиш, тарози, шприцлар ва қадоқлаш воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Ушбу шахсга нисбатан ЖКнинг 273-моддаси 4-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер