Диктант ёзиш маҳорати синовдан ўтказилди
21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан турли вазирлик ва идораларда, таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда кўрик-танловлар ташкил этилди.
Ана шундай тадбирлардан бири — Наманган тўқимачилик саноати институтида ҳам ўтказилди. Талаба-ёшлар ўртасида она тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини шакллантиришга қаратилган ушбу танловда олий таълим муассасасидаги мавжуд учта факультетнинг 43 та академик гуруҳда ғолиб бўлган 50 дан зиёд йигит-қизлар иштирок этди. Иштирокчилар танлов орқали диктант ёзиш маҳоратларини синовдан ўтказди.
Якунда диктантни адабий тил меъёрларига қатъий амал қилиб, ҳуснихат билан ёзган ва юқори натижаларни қайд этган ёшларга институт ректорининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
— Бу каби танловлар биз талабаларнинг дарсдан кейинги бўш вақтимизни мазмунли ташкил этиш, ўз устимизда ишлашимиз учун хизмат қилади, — дейди 1-босқич талабаси, мазкур танлов ғолибаси Рухшона Адҳамова. — Бугун биз “Тинчлик улуғ неъмат!” мавзуида диктант ёздик. Очиғи, жуда қувондим. Нега деганда, бугунги глобаллашув замонида тенгдошларимиз орасида ўзбек тили, саводхонлик, тилга эътибор масаласи ҳар қачонгидан муҳимроқдир. Бундай танловларни нафақат тил байрами олдидан, балки доимий ўтказиш мақсадга мувофиқ. Зеро, она тилимиз биз учун муқаддас ва ҳеч қандай бойлик ёки манфаат ундан устун бўлолмайди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг