Депутатлар қонун лойиҳасини нега қўмитага қайтарди?

16:15 08 Июнь 2021 Иқтисодиёт
896 0

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар кун тартибидаги масалалар қаторида  «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилганда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари қоидаларини бузганлик учун кучайтирилган жазо чоралари қўлланиши белгиланган эди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида халқ вакиллари белгиланаётган жарималарни қайтадан кўриб чиқиш ва жарима миқдорларини етказиладиган зарарга қараб белгилаш бўйича таклифлар берди.

Шундан келиб чиқиб, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда хабарнома юборилиши лозим бўлган фаолият билан хабарнома юбормасдан, рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар олиниши шарт бўлган фаолият билан рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланганлик учун, шунингдек лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан лицензиясиз шуғулланганлик учун жарима миқдорлари камайтирилмоқда.

Қизғин муҳокамаларда қонун лойиҳаси юзасидан айрим эътирозлар билдирилди. Айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар айтилди.

Асосли фикрлар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш учун масъул қўмитага қайтарилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер