Депутатлар қоидабузарликни интернетда тарқатганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган қонун лойиҳасини қабул қилди
Видеодан кадр
Ўзбекистонда шахснинг ўзи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни тарғиб қилувчи материалларни оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларида тарқатиш учун жавобгарлик белгиланмоқда. Буни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 17 март куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган — «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилган.
Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, янги турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик механизмларини аниқ белгилашдан иборат.
Лойиҳа билан уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз ҳаракатларни ёки фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи бошқа хатти-ҳаракатларни телекоммуникация тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда содир этиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Бу орқали ахборот маконида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу билан бирга, шахснинг ўзи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни тарғиб қилувчи материалларни оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларида тарқатиш учун жавобгарлик назарда тутиляпти. Қайд этилишича, мазкур нормалар ҳуқуқбузарликларни оммалаштириш ва уларга тақлид қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси билан банд солинган, ундирув қаратилган ёхуд ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида хатланган мулкни қарздор ёки ишониб топшириб қўйилган шахс томонидан яшириш, йўқотиш ёхуд унга шикаст етказиш ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда. Бу норма ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликдаги ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинган ва Сенатга юборилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сенатор томонидан маҳаллаларда томорқачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш ишлари ўрганилди
- Ёш парламент аъзолари форумида барқарор тараққиёт ва глобал ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди
- Сенатор талаба қизлар билан давлат хизматида аёллар иштирокини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди
- Судьялар олий кенгаши таркибини сайлаш масаласи кўриб чиқилди
- Сенат қўмитасида киберхавфсизлик ва жиноятчиликка қарши янги чоралар кўриб чиқилмоқда
- Педагогларга айрим давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоиз чегирма берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг