Депутатлар Ҳукумат ҳисоботини танқидий-таҳлилий кўриб чиқдилар

06:47 04 Август 2023 Сиёсат
667 0

2023 йил 3 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси юзасидан юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Йиғилишда фракциялар аъзолари Давлат дастури ижросини ҳар иккала партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилиб, асосан миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратди.

Қайд этилганидек, 2023 йилнинг I ярим йиллигида 7,4 млрд. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, прогноз 179 фоизга бажарилган. Инвестиция дастури доирасида 1,2 млрд долларлик 32 та йирик ва аҳамиятли лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 5,5 мингта янги иш ўринлари яратилган. Шунингдек, кўрилган қўшимча чоралар натижасида 341,8 млн. долларлик 8 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиб, 1,2 мингта янги иш ўринлари яратилишига эришилган.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш бўйича амалга оширилган ишларни эътироф этдилар. 

Давлат дастурида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш кўзда тутилган. Унга кўра, 750 мингта янги деҳқон хўжаликларини тадбиркорга, ер эгасига айлантириш, бунинг ҳисобига қишлоқларда ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласини ҳал этиш ишларини давом эттириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ кенг қамровли ишлар олиб борилган.

Фракция аъзолари Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни ижобий баҳолади. Юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида Давлат дастурида белгиланган масалалар ижроси тўлиқ таъминлангани, мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар сабабли тадбиркорлар сафи кенгайиб, аҳолининг аксарият қисми шу соҳада меҳнат қилаётгани таъкидланди.
Ҳисоботда қайд этилишича, давлат дастурида мактабгача таълим қамровини ҳозирги 67 фоиздан камида 80 фоизга етказиш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, малакали ўқитувчилар ойлик маошларини босқичма-босқич 1000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш, педагог-кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқиш, Олий таълим қамровини 50 фоизга етказиш билан боғлиқ кўплаб вазифалар белгиланган ва бу борада муайян ишлар амалга оширилган.

Ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, касбга ўқитиш кўламини 2 баравар ошириб, жами 1 млн. нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим ташкилотлари иштирокини 30 фоизга етказиш бўйича амалий ишлар қилинган. 
Қорқалпағистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич овқат билан таъминлаш мақсадида 1263 та мактабда таҳсил олувчи 285 минг ўқувчиларга бепул овқатланиши тизими йўлга қўйилган. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш белгиланган.

ЎзМТДП фракция аъзолари “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллион нафар ошириш ҳамда мамлакатимизга ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини 9 миллион нафарга етказиш бўйича амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратдилар. Тўсиқсиз туризм инфратузилмасини мамлакатимизнинг асосий туризм шаҳарларига кенг жорий этиш, 2026 йилгача бу соҳада банд бўлган аҳоли сонини 2 баравар ошириб, 520 минг нафарга етказиш, 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастурини қабул қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Депутатлар белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросини ўз вақтида бажариш бўйича масъулиятни янада ошириш лозимлигини таъкидлаб, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил I ярим йилдаги ижросини маъқулладилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер