Депутат ташаббуси билан кутубхона ташкил этилди
Мамлакатимизда китобхонликни тарғиб қилиш, аҳоли айниқса ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтириш учун кенг имконият ва қулай шароитлар яратилмоқда. Бу борада ҳар биримиз ўзимиздан келиб чиққан ҳолда ташаббус кўрсатишимиз муҳим. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муборакхон Отахонова бошлаб берган хайрли иш ана шундай ибратли ташаббуслардан бири бўлди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Шаҳрихон туманидаги 29-умумтаълим мактабида “Халқ қабулхонаси” фойдаланишга топширилди. Бу мақсадда янги бино қурилиб, замонавий компьютер жамланмалари ҳамда икки мингдан ортиқ китоб билан таъминланди.
— Янги кутубхона биз учун жуда катта имконият бўлди, — дейди мазкур мактаб ўқувчиси Зулхумор Темирова. — Бу ерда китоблар жуда кўп, компьютерлар ҳам бор. Дарсдан кейин келиб китоб ўқиш, маълумот излаш учун барча шароит яратилган. Айниқса, янги ва қизиқарли адабиётлар кўплиги биз каби ўқувчиларни мутолаага янада қизиқтирмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, электрон нашрлар ахборот олишни енгиллаштиради, аммо босма китобларнинг таъсир кучи ҳамон юқори ҳисобланади. Турли тадқиқотларга кўра, ўқувчиларнинг қарийб 60–70 фоизи маълумотни босма китобдан ўқиганда яхшироқ ўзлаштиради. Шу боис электрон манбалар қанчалик оммалашмасин, китоб мутолааси жараёни инсон тафаккурига таъсир этувчи энг самарали воситалардан бири бўлиб қолаверади.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг