Деҳқон хўжаликларида ердан фойдаланиш самарадорлиги янада ошади
Ўтган икки йил давомида Хоразм вилоятида 12 609 гектар ер аҳолига деҳқон хўжаликлари юритиш учун ажратиб берилди. Жорий йилнинг 1 март санасигача яна 1124 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер аҳолига электрон аукцион савдолар орқали деҳқончилик билан шуғулланиш учун 30 йил муддатга ижарага берилади. Урганч туманида ўтказилган вилоят кўргазмали семинарида ушбу ер майдонларидан самарали фойдаланиш, экинларни “Бир дала, бир маҳсулот” тамойили асосида жойлаштириш масалалари хусусида сўз юритилди.

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 февралдаги “Аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятнинг Боғот, Урганч ва Хива туманларида маҳсулотни етиштиришдан бошлаб уни сотишгача бўлган занжирни ўз ичига олган “кооператив” ва “агрегатор” тизими жорий қилинади, — дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Қаҳрамон Ражабов. — Бу эса аҳолига ижара ҳуқуқи асосида берилган ер майдонларида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш учун шароит яратиш, ушбу ер майдонларини доимий даромад келтирувчи активларга айлантириш ва бу соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш имконини беради.
Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг