Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида бўлиб ўтган ўқув курсида сенаторлар иштирок этди

19:18 08 Апрель 2026 Сиёсат
520 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида Давлат раҳбари ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ички ишлар органлари ходимлари учун аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган ўқув курси ташкил этилди.

Тадбирда Президент Администрацияси тегишли таркибий бўлинмалари, Олий Мажлис Сенати, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адвокатлар палатаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, шунингдек, Академиянинг малакали профессор-ўқитувчилари ва соҳа экспертлари иштирок этди.

Ўқув курсида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулхаким Эшмуратов ҳам иштирок этиб, профессионал муомала маданияти, самарали коммуникациянинг илмий асослари, низоларни бошқариш ва психологик усуллар, манзилли ишлаш концепцияси, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан маъруза қилишди.

Тадбир давомида соҳа ходимларининг аҳоли билан ишлашдаги профессионал компетенцияларини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Сенаторлар ўз нутқида ички ишлар ходимининг муомала маданияти – бу давлатга бўлган ишонч кўзгуси эканини таъкидлади. Зеро, фуқаро тизим ходими билан мулоқотда нафақат тартиб посбонини, балки давлатнинг адолати ва ҳимоясини кўради.

Ўқув курси якунида тингловчиларга мулоқот санъатини эгаллаш бўйича амалий тавсиялар берилиб, касбий фаолиятда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш энг кучли ҳимоя экани таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер