Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳоланди
Жорий йил 10 апрель ҳолатига коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш юзасидан “E-Anticor.uz» электрон платформасига юборилган маълумотлар асосида 39 та вазирлик ва идора учун коррупциявий хавф-хатарлар хариталари тўлиқ шакллантирилди.
Мазкур вазирлик ва идораларнинг фаолиятига доир умумий 1701 та функцияларнинг коррупциявий хавф-хатарлар даражаси қуйидагича баҳоланди:
— 177 та функцияда “юқори”;
— 475 та функцияда “ўрта”;
— 1049 та функцияда “паст”.
Баҳолаш натижалари таҳлилига кўра, айрим давлат ташкилотлари томонидан қуйидаги ҳолатларга йўл қўйилган:
— барча функциялар тўлиқ баҳолашдан ўтказилмаган;
— аксарият функциялар асоссиз паст баҳоланган;
— ташкилот раҳбарияти томонидан мазкур амалиётга етарлича эътибор қаратилмаган.
23 та вазирлик ва идоралар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш натижаси юзасидан маълумотлар электрон платформага киритилмаганлиги сабабли улар учун коррупциявий хавф-хатарлар хариталари шакллантирилмади.
Кенг жамоатчилик “E-Anticor.uz» платформаси орқали давлат органларининг баҳолашдан ўтказилган функциялари ва уларнинг коррупциявий хавф-хатарларга мойиллик даражаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини онлайн режимда юбориш имконига эга.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг