Давлат дастурининг 10 ойлик ижроси юзасидан муқобил ҳисобот тайёрланди

17:41 01 Декабрь 2022 Жамият
813 0

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳузурида ташкил этилган Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи томонидан Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг 10 ойлик ижроси юзасидан муқобил ҳисобот тайёрланди.

Маълумот учун: Давлат дастури жами 398 та банддан иборат бўлиб, унда 671 та вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар белгиланган.

Жорий йилнинг октябрь ойи давомида қўшимча 16 та банд бўйича муҳим вазифалар ижро муддати келди.

Жами 1 ноябрь ҳолатига 238 та банд бўйича 396 та вазифа ижроси таъминланиши зарур эди.

Айтиш жоизки, бу вақт оралиғида Давлат дастурининг ижроси доирасида кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.

Жумладан, 99-бандига мувофиқ атмосфера ҳавосига таъсир хавфи юқори бўлган 44 та саноат корхоналарининг ифлослантириш манбаларида 69 та автомат станциялари ҳамда уларга туташ ҳудудларда жами 27 та стационар кузатиш пунктлари ўрнатилган.

Шунингдек, ён атрофга оқовалар ташловчи йирик саноат корхоналарида 77 та локал оқова тозалаш иншоотлари қурилиб, мавжудлари модернизация қилинган. Бу ўз навбатида, республикамизда экологик барқарорликни назорат қилишда тизимли фаолиятга замин яратади.

Дастурнинг 31-бандига асосан жорий йил 1 октябрдан бошлаб IT соҳасидаги стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратиш тартиби жорий қилинди.

117-бандга мувофиқ банк тизимидаги молиявий барқарорликка оид маълумотлар очиқлигини таъминлаш доирасида Марказий банк томонидан 2022 йил биринчи ярим йиллик натижалари бўйича Молиявий барқарорлик шарҳи эълон қилинди.

201-банд бўйича 2048 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қуйилди. Бу эса, қарийб 90 000 нафар болаларни ўз уйларига яқин масофадаги боғчаларга бориш имкониятини яратмоқда.

Бундан ташқари, Дастурнинг 349-бандига асосан 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммити Самарқанд шаҳрида юқори савияда ташкил этилди. Бу каби анжуманлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини шаклланишида, пировардида халқимизнинг фаровон ҳаётига ижобий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Бу каби мисолларни деярли барча соҳаларда келтириш мумкин, албатта. Бу борада шу кунга қадар Давлат дастуридаги жами 266 та вазифалар ижроси таъминланган.

Шу билан биргаликда, Давлат дастурининг ижросида йўл қўйилаётган камчиликларга эътиборни қаратмоқчиман. Биз Давлатимиз раҳбари белгилаб берган асосий вазифалар ижроси устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишдан мақсад қилганмиз.

Шундай экан, эътиборингизни белгиланган муддатларда тўлиқ бажарилмаган бандларга қаратмоқчиман. Мониторинг давомида ижроси тўлиқ бажарилмаган бандларни икки гуруҳга ажратдик.

Яъни биринчи гуруҳ вазифалар бу белгиланган муддатларда қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Парламент ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган, лекин якуний қарорлар қабул қилинмаган вазифалардир.

Иккинчи гуруҳ вазифалар бу белгиланган муддатларда норматив ҳужжатлар лойиҳалари лозим даражада ишлаб чиқилмаган, амалий чоралар бажарилмаган бандлардир.

Демак, Давлат дастурининг 105 та вазифа юзасидан ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган бўлиб, кўриб чиқиш жараёнида.

Масалан бу қандай ҳужжатлар?

— “Мурожаатларни кўриб чиқиш ва назорат қилиш жараёнларига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш тўғрисида” Ҳукумат қарори лойиҳаси;

— “Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳаси;

— “Оммавий ахборот воситалари таҳририяти ходими ва журналистнинг касбий фаолияти ҳимоя қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида” қонун лойиҳаси

— “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси каби мисолларни келтириш орқали ушбу вазифаларнинг долзарб аҳамиятини кўришимиз мумкин.

Бажарилмай қолаётган вазифалар. Давлат дастурида белгиланган 7 та вазифа (73.3, 74.2, 77.1, 240, 286, 292.3 ва 320 бандлар) бугунги кунга қадар бажарилмаган. Бу қайси бандлар?

Хусусан, 73-банд бўйича «Ҳудудгазтаъминот» АЖ фаолияти йўналишларига хусусий операторларни жалб қилиш бўйича асосий талабларни белгилаш масаласи бор.

Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Табиий газ таъминот соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди. (муддат 2022 йил июль, масъул Энергетика вазирлиги). Энергетика вазирлиги бажармаган.

74-бандга мувофиқ “Табиий газ тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси бугунги кунга қадар ишлаб чиқилмаган (муддат 2022 йил октябрь, масъул Энергетика вазирлиги).

77-бандга мувофиқ «Навоий КМК» АЖда 2026 йилгача қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни ошириш дастури доирасида 1,6 млрд АҚШ долларлик 16 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилинмаган (муддат 2022 йил 1 октябрь, масъул Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги).

240-банд бўйича ҳудудлардаги мавжуд эҳтиёж, аҳолининг таклифларини инобатга олган ҳолда 31 та оилавий поликлиникани ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар бор йўғ 26 та поликлиникалар фойдаланишга топширилган (муддат 2022 йил октябрь, масъул Соғлиқни сақлаш вазирлиги).

286-бандга мувофиқ тажриба тариқасида “Янги Ангрен ИЭС” АЖнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станция ўрнатилмаган (муддат 2022 йил сентябрь, масъул Давлат экология қўмитаси). Бу одамларнинг саломатлиги билан боғлиқ. Экология қўмитаси ўз вақтида бажармаганлиги туфайли биз ҳали ҳануз одамларимизни зарарли ҳаводан сақлай олмаяпмиз.

292-банд бўйича Маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тизимини яратиш учун ҳудудларда беш турдаги 13 минг дона алоҳида белгили контейнерлар ўрнатиш ишлари якунланмаган (муддат 2022 йил октябрь, масъул Давлат экология қўмитаси). Биласиз ҳудудларда қанчадан қанча одамлар норозилик билдиряпти.

320-банд бўйича коронавирус инфекциясига қарши янги авлод маҳаллий вакциналарни клиник олди синовларидан ўтказиш ва оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган (муддат 2022 йил март, масъул Инновацион ривожланиш вазирлиги).

Юқорида энергетика, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, экология каби соҳаларда вазифалар ижроси тўлиқ бажарилмаганлигини кўришимиз мумкин.

Шу билан бирга, Давлат дастурининг 18 та вазифалари ижро муддатлари узайтирилган. Бу объектив сабабларга кўра.

Шунингдек, ўтган муҳокамаларда Ҳаракатлар стратегиясининг ижросини ҳам қайта кўриб чиқиш масаласи кўтарилган эди. Бу борада айтишим мумкинки, Ҳаракатимиз мутахассислари тер тўкишларига тўғри келмоқда. Чунки, таҳлиллар давомида кўплаб вазифалар кейинги йилларда бажарилганлигига гувоҳ бўлдик. Шу билан биргаликда, айрим вазифалар бугунга қадар бажарилмасдан қолганлигини ҳам эътироф этиш зарур.

Жумладан, “Дипломатик хизмати тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 2017

“Давлат бошқаруви асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 2017

Судьянинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 236-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 2018

Тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция (рухсат) бериш ваколатини прокурордан судга ўтказишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 2018

Миллий авиация саноатини қайта тиклаш ҳамда иқтисодиётнинг янги тармоғи сифатида аэрокосмик саноатни шакллантиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат 2018

Умуман, бугунги кунда вазирлик ва идораларга батафсил маълумотлар сўраб мурожаатлар киритилган. Якуний маълумотлар тайёр бўлгач, эълон қилиш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш масаласи давлат дастурларида назарда тутилмаганлиги боис, бу савол билан масъулларга мурожаат қилинмади.

Ҳудудий дастурлар ижроси. Тараққиёт стратегияси ижросини таъминлашда Президент белгилаб берган муҳим йўналишлардан бири бу айнан вазифалар ижросини ҳудудларда самарали ташкил этишга қаратилган. Хусусан, Тараққиёт стратегиясида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги тартибини ўрнатилган. Унга мувофиқ ҳар бир туман ва шаҳарлар кесимида 14 та ҳудудий дастурлар қабул қилинган.

Мониторинг натижалари мазкур ҳудудий дастурлар ижроси ва улар бўйича ҳисоботлар юритилишида жиддий камчиликлар бор.

Биринчидан, ҳудудий дастурларнинг ижроси ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Бу борада ҳар чоракда халқ депутатлари Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этилиши белгиланган бўлсада, масъулларнинг ахборотлари эшитилмаган.

Тақдим этилаётган ҳисоботлар ҳам номигагина бўлиб, мавжуд ҳолат юзасидан хулоса чиқариш имкониятини бермайди.

Шундай бўлсада, мавжуд маълумотлар, бевосита жойларга чиқиб ўтказилган ўрганишлар ва бошқа очиқ маълумотлар асосида ҳудудий дастурлар ижроси ўрганиб борилмоқда.

2022 йил 1 ноябрь ҳолатига ҳудудий дастурлар бўйича Тасаввур қилинг, 104 та вазифалар бажарилмаган. Натижада аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсир кўрсатувчи муҳим ислоҳотлар лозим даражада амалга оширилмасдан қолмоқда.

Масалан, Андижон вилоятида жорий йилда 7 та маиший чиқинди полигони фаолиятини тугатиш белгиланган. Бироқ Андижон туманидаги 1 та чиқиндиларни кўмиш полигони фаолияти қисман тўхтатилган, холос.

Ёки вилоятда жорий йилда 277 нафар ногиронлиги бор ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ҳар бирига 30 миллион сўмда субсидия ажратиш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунга қадар бирорта ҳам субсидия ажратилмаган.

Бухоро вилоятида тупроғи шўрланган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидиялар умуман ажратилмаган.

Шофиркон ва Жондор туманлари умумфойдаланувчи давлат аҳамиятидаги ва ички йўллар молиялаштирилмаганлиги сабабли таъмирланмаган.

Жиззах вилоятининг Зарбдор, Бахмал ва Фориш туманларидаги
4 та маҳалла жамоат транспорти билан қамраб олинмаган.

Аҳоли ва талаба ёшларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, Жиззах шаҳридаги Форум мажмуаси ҳудудида Маънавият ва маърифат маркази ҳамда замонавий кутубхона учун ханузгача ер майдони ажратилмаган.

Наманган вилоятида олий таълим муассасалари талабалари учун шарт-шароитлар яратиш доирасида давлат-хусусий шерикчилик асосида Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик-технология институти талабалари учун жами 800 ўринли 2 та ётоқхона қурилмаган.

Аёлларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида туманлараро перинатал марказлар ташкил этиш вазифаси доирасида Уйчи, Янгиқўрғон ва Чуст туманлараро перинатал маркази август ойида таъмирдан чиқарилган бўлсада, тиббий ускуналар билан таъминланмаган.

Навоий вилоятида 2022 йилда 16,4 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда бор йўғи 1,5 минг гектар ёки 15 фоиз майдонда томчилатиб суғориш технологияси ишга туширилган.

Шунингдек, жорий йилда вилоятда 50 минг тонна балиқ етиштириш белгиланган. Бунинг учун 770 та хонадонларда интенсив усулда балиқ боқишга мўлжалланган бассейнлар қурилиши, балиқ чавоқлари ва омухта ем сотиб олиниши учун Марказий банк томонидан 81 миллион сўм гаровсиз ҳолда кредит ажратилиши белгиланган бўлсада, амалда кредит ажратилмаган.

Қашқадарё вилоятида сифатли жамоат транспорти хизматини йўлга қуйиш мақсадида янги 74 та автобус ва 46 та микроавтобуслар сотиб олиш, транспорт етиб бормаган олис ҳудудларда янги 10 та автобус йўналишларини ташкил этиш, Деҳқонобод ва Шаҳрисабз туманларидаги автостанцияларни реконструкция қилиш назарда тутилган.

Бироқ, ўрганиш давомида вилоятга жами 23 дона янги микроавтобуслар келтирилган ва Шаҳрисабз тумани автостанциясида реконструкция ишлари 90 фоизга бажарилган, холос.

Шунингдек, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий амалий маркази вилоят филиалининг қувватини 250 ўриндан 300 ўринга ошириш вазифаси бажарилмаган.

Қорақалпоғистонда давлат томонидан таникли ҳунармандларни ўз Интернет-сайтларини ташкил этиш, маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқаришига ва реклама қилишларига кўмаклашиш ишлари ташкил этилмаган.

Тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш тизимини яратиш доирасида 4 та махсус техника, 1 та зарарсизлантириш ускунаси (автоклав), 3 та утилизация қилиш ускунаси (инсиниратор) молиялаштирилмаган. Шунингдек, маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тизимини яратиш учун беш турдаги 625 дона алоҳида белгили контейнерлар ўрнатилмаган.

Самарқанд вилоятида 2022 йилда республика бюджети ҳисобидан 20 та давлат мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш, маҳаллий бюджет ҳисобига 13 та янги бино қуриш ва 1 та мукаммал таъмирлаш белгиланган.

Ўрганишлар давомида амалда 7 та объектда ишлар тўлиқ амалга оширилган бўлиб, фойдаланишга топширилган объектларда электр энергияси, иситиш тизими ва пол қопламаларининг қўйилиши, ташқари лотоклар объект лойиҳа-сметасида тўла акс этмаганлиги юзасидан муаммолари борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, 2022 йил мақсадли параметрларига кўра, 480,3 км ичимлик сув тармоқлари тортиш, 114 та ичимлик сув олиш иншоотларини янгидан қуриш ва 23 тасини таъмирлаш кўзда тутилган. Лекин, мониторингга кўра амалда мақсадли кўрсаткичлардан 84 та кам объектда ишлар амалга оширилмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳудудий дастури ижроси юзасидан тақдим этилган маълумотларга кўра Термиз шаҳри “Гулистон” маҳалласи тўлиқ газлаштирилган. Бироқ, ўрганишлар давомида 4100 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 18 та тор кўчаларда газ тармоқлари тортилмаганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Олтинсой туманидаги “Чулмуроб” каналини реконструкция қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилган бўлсада, амалий ишлар бошланмаган.

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 14 километр узунликдаги ҳудудда Оҳангарон туманининг тажриба концепцияси асосида комплекс хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш мақсадида ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилмаган.

Янгиер шаҳрини кесиб ўтган Жанубий Мирзачўл канали икки қирғоғида дам олиш ва кўнгилочар масканлар қурилиш ишлари қисман (20%) бошланиб, ҳозирги кунда қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Тошкент шаҳрининг иқлим шароити, шаҳар инфратузилмаси ва гидрогеологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, шаҳар ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришнинг ягона концепцияси тасдиқланмаган.

Шунингдек, пойтахтдаги мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлмаган 117 та маҳаллаларда мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишлари тўлиқ бажарилмаган.

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида саноат зонаси ташкил этилмаган.

Бундан ташқари, “Янги Ўзбекистон” боғидан Паркент туманига элтувчи 30 км узунликдаги янги магистраль йўл бўйларида савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиш орқали 200 та иш ўрни яратиш ишлари бажарилмаган.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон ва Бағдод туманларида ҳосилдорликни ошириш ҳисобига 3000 гектар паст рентабелли пахта ва ғалла майдонларини чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига ажратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмаган.

Бешариқ туманидаги шифохонани таъмирлаш ва канализация тизимини янгитдан қуриш ишлари ҳозирги кунга қадар 35%га бажарилган, холос.

Хоразм вилоятида 60 гектар замонавий иссиқхоналарни қуриш белгиланган бўлиб, ҳисобот даврида фақатгина 37 гектар майдонларда 13 та иссиқхоналар тўлиқ ишга туширилган.

Европа тикланиш ва таққиёт банки иштирокидаги “Хоразм вилояти канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари бошланмаган.

Юқоридаги мисоллардан кўринадики, ҳудудий дастурларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилмаганлиги боис, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг кўплаб соҳаларида ислоҳотларни аҳоли сезмаяпти.

Давлат дастури ва ҳудудий дастурларни ижроси юзасидан жамоатчилик назорати тадбирларини давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер