Давлат дастури: аҳолининг ижтимоий ҳамда экологик муаммолари қай даражада ҳал этилмоқда?
Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
2022 йил 21 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси, Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракциялар аъзолари томонидан 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилги ҳисобот ўтган йилга нисбатан кенгроқ ва батафсил тақдим этилганлиги билан фарқ қилади. Ҳисоботда
2022 йилнинг 9 ойи давомида “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси доирасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги, Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлиги юзасидан ҳамда бошқа қўшимча маълумотлар тақдим этилгани эътироф этилди.
Йиғилишда Давлат дастурининг ижроси юзасидан фракциялар аъзолари томонидан аниқлаштирувчи саволлар берилди. Хусусан, “Адолат” СДП фракция аъзолари аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, тиббий хизматларни марказлаштириш ва аҳолини тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш, шу жумладан марказлашган лаборатория, стерилизация ва юқори технологик текширувлар тизимини ташкил этиш ҳолати бўйича савол билан мурожаат этдилар.
Бундан ташқари, дори-дармон ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, жумладан Электрон рецепт тизимини такомиллаштириш ва кенг жорий этиш, нархларга риоя этилишини онлайн кузатишнинг ахборот тизимини яратиш борасидаги амалга оширлаётган ишлар ҳолати депутатлар муҳокама марказида бўлди.
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари эса кейинги йилларда мамлакатимизда давлат дастурларини шакллантиришда халқ билан бамаслаҳат ҳолда, ҳудудлардаги ижтимоий масалаларни самарали ҳал этишга, ижтимоий соҳанинг барқарорлигини таъминлашга, эҳтиёжманд қатлам вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашди.
Масъуллар томонидан кам таъминланган оилалар билан манзилли ишлаш тизимида инсон омилини кескин камайтириш, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”ни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига” интеграция қилиш мақсадида “Темир дафтар” ахборот тизими билан тўғридан-тўғри интеграция қилиш ишлари амалга оширилганлигини, бу жараёнда Халқ демократик партиясининг аввалги ҳисоботларни муҳокама қилиш вақтида берган таклифлари инобатга олинганини қайд этишди.
Муҳокама вақтида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, касб-ҳунарга тайёрлаш масалалари алоҳида эътиборда бўлди.
Ҳисобот даврида 133 909 нафар хотин-қизларнинг 78 079 нафари меҳнат органлари йўлланмаси асосида мономарказларда, 55 830 нафари хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитилган. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 598, 8 минг нафарига амалий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, фракция аъзолари хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, ишга жойлашишига кўмаклашиш учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг самарали сарфланиши масаласида ҳудудларда қатор камчилик ва сусткашликлар кузатилаётганини таъкидлаб, мазкур йўналишни янада такомиллаштириш чораларини кўриш зарурати бўйича тавсиялар беришди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари эса экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларнинг экологик аҳволини яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратишди.
Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг баҳор мавсумида жами 126,4 млн. дона, шу жумладан, Қашқадарёда 10 312 млн, Самарқандда 10 292 млн, Фарғонада 10 057 млн, Сурхондарёда 10 057 млн, Бухорода 10 056 млн, Жиззахда 9 970 млн, Андижонда 9 712 млн, Наманганда 9 693 млн, Тошкент вилоятида 9 607 млн, Навоийда 9 294 млн, Хоразмда 9 087 млн, Қорақалпоғистон Республикасида 8 797 млн, Сирдарёда 8 678 млн ва Тошкент шаҳрида 802 минг дона мевали ҳамда манзарали дарахт ва буталарнинг кўчатлари экилган. Шунингдек, жорий йилнинг куз мавсумида яна 75 млн дона манзарали ва бута кўчатлари хамда қаламчаларини экиш режалаштирилган. Жорий йилдаги мораторий натижасида 306,8 минг туп дарахтлар кесилишини олди олинди.
Чиқиндилар билан ишлаш йўналишида 79 та туман ва шахарлар хусусий шерикларга бириктирилиб, унинг улуши 52 фоизга етказилди, 22 та чиқинди полигонлари рекультивация қилинган ва 8 та чиқинди полигони фаолияти тўхтатилган. Аҳолини санитар тозалаш хизмати билан қамрови 93 фоизга, чиқиндиларни қайта ишлаш 29,6 фоизга етказилган.
Ўтган даврда аҳолини тоза ичимлик суви ҳамда оқава сув тармоғи билан таъминлаш мақсадида барча дастурлар доирасида республика бюджетининг 2,3 трлн. сўм маблағлари ўзлаштирилиб, унинг ҳисобидан 378 та иншоотлар ҳамда 5,2 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинган.
Депутатлар томонидан давлат дастурида белгиланган 103 та банддаги 118 та топшириқларни ўз муддатида, сифатли ижросини таъминлаш, шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ташаббусларига мос тарзда аэробиологик мониторинг тизимини йўлга қўйиш, маиший чиқиндиларни йиғишни 100 фоизга, уни қайта ишлаш даражасини 21 фоиздан 50 фоизга етказиш, ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда фракциялар аъзоларининг таклиф ва тавсифлари асосида давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг