“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимча киритилди
Фото: «Халқ сўзи»
Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Хусусан, давлат хизматларини кўрсатишда жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурати юзага келаётганлиги қайд этилди.

Шу мақсадда ишлаб чиқилган Қонун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини тез фурсатларда кўриб чиқилишини таъминлаши сенаторлар томонидан алоҳида таъкидланди.
Қонун билан давлат божи ставкаларининг миқдорларига қўшимча киритилмоқда. Жумладан, фуқаролар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилганда белгиланган давлат божи ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлаши белгиланмоқда. Бунда қолган қисми белгиланган тартибда ишни кўриш натижаси билан ундирилади.

Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур Қонунда таклиф этилаётган норма фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилиниши ҳамда уларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Фото: «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг