Дарснинг дарслиги йўқ эди

15:17 24 Апрель 2019 Жамият
1842 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Сирдарёлик уч нафар муаллим- Гулистон шаҳридаги 8, Янгиер шаҳридаги 6 ва Мирзаобод туманидаги 15-мактаблар ўқитувчилари Замира Сатторова, Назокат Абдусалимова ва Насиба Аҳмедованинг 9-синф учун “Технология” дарслиги 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб асосий қўлланма сифатида ўқитиладиган бўлди.

Айтиш лозимки, 8-9 синфлар учун меҳнат таълими бўйича ҳалигача аниқ бир дарслик ёки ўқув-услубий қўлланма йўқ эди. Шу боис мазкур фан ўқитувчилари дарсларни деярли ўз билганларича ўтишарди. Айнан шу фан бўйича вилоят “Маҳорат мактаби”нинг раҳбари бўлган ушбу дарслик ташаббускори Замира Сатторова йиллар давомида дарс ишланмаларини жамлаб борди. Ва 8-9 синфлар учун “Ишлаб чиқариш асослари ва касб танлашга йўллаш” деган дастлабки дарслик нусхасини яратди.Бу иш 2013 йилда республика мактаблари бўйича оммалаштирилиб, меҳнат таълими дарси шу асосда ўтилиши жорий қилинди.

Кейин эса Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган дарсликлар ва ўқув-методик комплексларни ишлаб чиқиш учун муаллифларини танлаб олиш танловида Замира Сатторованинг курсдошлари – Назокат Абдусалимова ва Насиба Аҳмедова билан биргаликда ёзган 9-синф учун “Технология” китоби маъқулланиб, дарслик сифатида чоп этиладиган бўлди.

Маълумот учун айтиш лозимки, ушбу қўлланма жорий йилда 500 минг нусхада,6 тилда босилиши кутилмоқда.

Унда ўғил болалар учун алоҳида, қизлар учун алоҳида қисмлар мавжуд. Хусусан,дарсликда ўғил болаларга “Технология ва дизайн йўналиши” деган бўлимда ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш технологияси, ишлаб чиқариш ва рўзғоршунослик, электроника асослари, касб танлашга йўллаш ҳамда ижодий лойиҳа танлаш технологияси боблари ажратилган бўлса, қизларга мўлжалланган бўлимда уларнинг ўзларига мос ва замонавий йўналишларга оид дарс ишланмалари ҳамда маълумотлар жой олган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер