«Дари-занжир» мажмуаси қайта тикланди

12:51 06 Февраль 2025 Жамият
286 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги «Дари-занжир» тарихий ёдгорлиги сўнгги йилларда харобага айланиб, йўқолиб кетиш арафасида эди. Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ушбу мажмуанинг умумий майдони 70,13 квадрат метр бўлиб, ўтган йили тўлиқ муҳофазага олинган ва ҳозирда реставрация ишлари олиб борилмоқда.

— 2024 йили Самарқандда 20 та маданий мерос объектида таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланган, — дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёдулла Насимов. — Шундан бешта иншоотда ишлар тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди. «Дари-занжир» ёдгорлигининг устини ёпиш ва ташқи қисмини реставрация қилиш ишларига 415 миллион сўм маблағ сарфланди. Айни пайтда объектнинг ички қисмида реставрация ва консервация ишлари давом этмоқда.

— Бизнинг маҳалламиз «Туризм маҳалласи» мақомини олган, — дейди «Дари-занжир» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳомид Ходжаев. — 30 га яқин меҳмонхона ва учта маданий мерос объекти бор. Кўп йиллардан бери маҳалла биноси рўпарасида жойлашган «Дари-занжир» маданий мерос объекти хароб аҳволда эди. Ёдгорлик тўлиқ қайта тикланиши билан ҳудудда сайёҳлар келадиган маскан яна биттага кўпайди.

Энг муҳими, темурийлар қадами етган, ота-боболаримиздан мерос қолган тарихий объект сақлаб қолинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер