Дард аримоқчи бўлса, табиб ўз оёғи билан кириб келади

17:43 17 Июль 2023 Жамият
658 0

Фото: Халқ сўзи

Чиндан ҳам саломатлик бўлмаса, кишига ҳеч нарса татимайди. Олам гўзаллигию, тонглар мунавварлиги ҳам кўзга кўринмайди.

Хатирчилик Мастура Пўлатова Навоий вилоятининг олис тоғ қишлоғидан. Тўрт фарзанднинг онаси бўлмиш бу аёл қишлоқ аҳлини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида келган малакали шифокорлар гуруҳига учрашиб, узоқ вақтдан буён қийнаб келаётган дардини айтди.

— Нимасини айтай, рўзғор ташвишлари билан бўлиб, анча ўтказиб юборибман, — дейди М. Пўлатова. — Шифокорларнинг айтишича, яна бир ой чўзганимда умрбод ногирон бўлиб қоларканман.

Дард аримоқчи бўлса, табиб ўз оёғи билан келади, деганларича бор. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган мобил поликлиника шифокорларининг Хатирчи туманининг Олтинсой қишлоғига ташрифида 400 нафардан ортиқ фуқаро чуқурлаштирилган профилактик тиббий кўрикдан ўтказилди.

֫— Кўрик натижаларига кўра қишлоқ аҳлининг 87 нафарида турли хасталиклар аниқланди, —дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Орзугул Аъзамова. – Уларнинг беш нафарига ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида, 19 нафарига эса туман тиббиёт бирлашмаси шифохоналарида даволанишлари учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, қолган 63 нафар фуқарога эса қишлоқдаги оилавий поликлиникада даволанишлари учун муолажалар тайинланди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси дастурига мувофиқ шу кунга қадар вилоят бўйича юз минг нафарга яқин аҳоли чуқурлаштирилган профилактик тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг юз нафаридан ортиғида мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Қизилтепа туманида эса мазкур дастур доирасида жорий йил 57 минг нафар 18 – 40 ёш оралиғидаги аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш режаси ишлаб чиқилган. Шу кунга қадар уларнинг 26 861 нафари профилактик тиббий кўрикдан ўтказилиб, 17 436 нафар 1-таянч ва 6350 нафар 2- таянч гуруҳига кирувчи, 2297 нафар 3-хавф ва 78 нафар 4- юқори хавф гуруҳига мансуб беморлар аниқланди ҳамда соғломлаштириш чоралари белгиланди.

— Аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш кўринишидаги бу каби тадбирлар барча ҳудудларни қамраб олиб, уларнинг мунтазамлиги таъминланмоқда, —дейди О. Аъзамова. — Аммо саломатликни асрашда касалликни эрта аниқлашдан ҳам кўра устуворроқ бир омил борки, унинг ўрнини бирорта ҳам муолажа босолмайди. Бу соғлом турмуш тарзига амал қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш ва тўғри овқатланишдир. Шу сабаб чуқурлаштирилган тиббий кўриклар билан бирга мазкур масалада ҳам кенг кўламдаги тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Инсон соғлиғини асраш ва муолажа самарадорлигига эришишда яна бир омилни таъкидламоқ жоиз, бу касалликнинг дастлабки белгиларидаёқ пайсалга солмай шифокорга мурожаат қилишдир. Мазкур масалада сайёр тиббий кўриклар қўл келаётгани шубҳасиз.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер