CITES CoP20 доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлик келишувига эришди
Сўнгги икки ҳафта мобайнида Самарқанд шаҳри Ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдони тартибга солиш тўғрисидаги конвенция (CITES) иштирокчи давлатларининг XVI Конференцияси (CITES CoP20) га муваффақиятли мезбонлик қилди.
Форумда 184 мамлакат ва Европа Иттифоқидан 3 мингдан зиёд иштирокчи — давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар ва нодавлат сектор вакиллари иштирок этди. Асосий эътибор биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни кучайтириш, йўқолиб бораётган турлар билан боғлиқ халқаро савдони тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш ва кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.
«CITES CoP20» ташкилотнинг 50 йиллигига бағишлангани ҳам Конференцияни янада тарихий аҳамиятли қилди. Унинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш борасидаги қатъий позициясини яна бир бор намойиш этди.
CITESнинг бош мақсади — турларнинг йўқолиб кетишига олиб келувчи ортиқча эксплуатацияни чеклаш ҳамда улар билан халқаро савдони масъулиятли, қонуний ва барқарор тарзда амалга оширишдир. Конвенция доирасида йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган турлар билан савдо қисман чекланади ёки мутлақо тақиқланади, шунингдек, табиий популяцияларга зарар етказмайдиган даражада назорат тизимлари жорий этилади.
Ўзбекистон 1997 йилдан буён CITES иштирокчиси бўлиб, Конвенция Иловаларига киритилган қатор ноёб турлар — қор қоплони, сайғоқ ва камёб доривор ўсимликларнинг ватани ҳисобланади. Самарқанддаги конференцияда йўқолиб бораётган турлар билан халқаро савдо барқарорлиги, қонунийлиги, мониторинг механизмларини такомиллаштириш, айниқса CITES I ва II иловаларидаги турлар бўйича назоратни кучайтириш масалалари кенг муҳокама этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ва ноқонуний савдога қарши курашиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, яқинда Президент томонидан имзоланган тарихий фармонга мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Президент ва Сенат олдида ҳисобдор этиб белгиланди. Қўмитага «Био-мерос», «Яшил макон», «Экологик маданият», «Тоза ҳаво», «Чиқиндисиз ҳудудлар» каби йирик миллий дастурларни амалга ошириш вазифаси юклатилди. Шунингдек, Экополиция ва Атроф-муҳит мониторинги маркази ташкил этилиб, ёввойи ҳайвонлар ноқонуний савдоси ҳамда экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича кенг ваколатлар берилди.
«CITES CoP20» доирасида 5 декабрга қадар ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб ялпи йиғилишлар, Конвенция Иловаларига ўзгартишлар муҳокамаси, тематик тадбирлар ва юқори даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди.
Конференция доирасидаги муҳим воқеалардан бири — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 2026–2032 йилларга мўлжалланган Самарқанд декларацияси ва минтақавий ҳамкорлик режасининг имзоланиши бўлди. Traffic International билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат Марказий Осиё мамлакатларининг биохилма-хилликка таҳдид солаётган омилларга — иқлим ўзгариши, яшаш муҳити қисқариши, браконерлик ва ноқонуний савдо каби муаммоларга қарши биргаликда курашишга садоқатини ифодалайди.
Декларацияда миллий экологик, божхона, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёввойи ҳайвонлар билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этиш, ахборот алмашинувини яхшилаш ва замонавий мониторинг технологияларини жорий этиш вазифалари белгиланди.
Шунингдек, мамлакатлар ёввойи турларни ҳимоя қилиш, экотизимни тиклаш, мутахассислар малакасини ошириш, экотуризмни ривожлантириш ва маҳаллий жамоаларни табиатни муҳофаза қилиш ташаббусларига кенг жалб этиш бўйича ягона стратегик асос ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Самарқанд декларациясининг имзоланиши Марказий Осиё давлатлари учун табиий меросни асраб-авайлаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва минтақанинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини уйғунлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг