Чустдаги  “Янги Ўзбекистон боғи”га  илк  кўчатлар ўтқазилди  

16:45 11 Ноябрь 2021 Жамият
927 0

Фото: "Халқ сўзи"

Наманган вилоятида  ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси изчил амалга оширилмоқда. Бинобарин, “Долзарб 40 кунлик” акцияси бошланганига ҳам ўн кун бўлди.  Жойларда ҳар куни  ўтказилаётган ҳашарлар  натижасида ҳозирга қадар бир миллион тупга яқин мевали  ва манзарали дарахт ҳамда  бута кўчатлари ўтқазилди.  Бугун  эрта тонгдан Чуст туманида ҳам ушбу лойиҳа доирасидаги хайрли иш кўтаринкилик  билан бошланди.

Туман ҳудудидан ўтган “Пунгон-Наманган” йўли ёқасида  22 гектар майдонда барпо этилаётган "Янги Ўзбекистон боғи"даги ҳашарда чустликлардан ташқари вилоятдаги ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари ҳам ҳозир бўлишди. Тадбир аввалида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов янги боққа  экилаётган кўчатлар илдиз отиб, серсоя дарахтларга айлангач, экология ва атроф-муҳит муҳофазасида  муҳим омил бўлишини алоҳида таъкидлади.

-Наманганнинг ҳар бир туманида шундай боғу роғ,  дарахтзорлар яратамиз. Йўл ёқаларида,  ижтимоий объектлар ҳудудларидаги  бўш ерлар яшил майдонларга айланади,  - деди  вилоят раҳбари.

Умумхалқ хашарида қатнашган  нуронийлар  юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, шу сингари боғ-роғлар кўпайишини тилаб, дуога қўл очдилар.

                                                              

              Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер