Чўлланишга қарши курашнинг Хитой тажрибаси Навоийда

14:30 18 Март 2026 Жамият
225 0

Навоий вилоятида хитойлик ҳамкорлар иштирокида инвестициявий лойиҳалар улуши йилдан йилга ошиб, бунда ҳудудий раҳбарларнинг ХХРга қилган амалий сафарлари самарадорлиги алоҳида аҳамиятга эга.

Айни кунларда вилоят ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб ушбу сафар доирасида G2B ва B2B форматидаги музокаралар ўтказилди ҳамда бир қатор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик келишувлари имзоланди.

Дастлаб делегация Пекин шаҳрида Sinoma International Engineering Co., Ltd халқаро компанияси бошқарув раиси Мен Синлин томонидан қабул қилиниб, томонлар ўзаро манфаатли бир қатор лойиҳалар муҳокама қилишди. Хитой капитали асосида йирик ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш орқали иш ўринларини кўпайтириш, инфратузилмани яхшилаш борасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар самараси ўлароқ Навоий вилоятида энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилди.

Шу куни делегация Хитойнинг Тянсзин шаҳрида бўлиб ўтган Тянсзин ишбилармон доира вакиллари форумида иштирок этди.

Олтмишдан ортиқ хитойлик ҳамкорлар қатнашган ушбу тадбирда Тянсзин шаҳрида Навоий вилоятининг ваколатхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Жараёнда хитойлик тадбиркор Луи Вей ваколатхонанинг масъул вакили этиб тайинланди.

Делегация сафарининг навбатдаги кунида Хитой Халқ Республикасининг Нинся-Хуэй вилоятида «Байсзитан» миллий табиат қўриқхонасида чўлланишга қарши курашиш тажрибаси билан танишди. Замон мўъжизаси — ушбу қўриқхонада барпо этилган 40 минг гектар майдондаги ҳимоя тасмалари, 66,7 минг гектар ҳудуддаги кўчма қумларни назоратга олиш имконини беради.

— Нинся тажрибасининг эътиборли жиҳати чўлланишга қарши курашишнинг иқтисодий фаолиятга айлантирилганидир, — дейди Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров. — Яъни қум ҳудудларида иссиқхона, қишлоқ хўжалиги, экологик ўрмончилик, мевалар, қурилиш материаллари, доривор ўсимликлар, янги энергия ва чўл туризмини қамраб олган 7 та етакчи тармоқ шаклланган.

Олиб борилган музокаралар натижасига кўра энди Нинся тажрибаси Навоий вилоятида ҳам синаб кўрилади. Оддий кўчат экиш амалиёти эмас, балки муҳандислик ечимлари, ердан фойдаланиш тартиби, экологик тикланишни иқтисодий фаоллик билан боғлашнинг комплекс намунаси шакллантирилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тажрибанинг мослаштирилиши чўлланишни секинлаштирибгина қолмай, унумдор ерларнинг кўпайиши ва аҳоли даромадининг ортишига ҳам хизмат қилади. Шунингдек, Хитой-Марказий Осиё чўлланишга қарши курашиш марказида бўлган делегация чўлланишга қарши самарали ечимлар, иқлим шароитларига мос ўсимликлар, Марказий Осиё чўлларидан олиб келинган тупроқлар таҳлили ва уларда етиштириши мумкин бўлган ўсимлик турлари билан ҳам танишди.

Сафар доирасида делегация Нинся-Хуэй автоном райони партия қўмитаси котиби жаноб Ли Ифей билан музокаралар ўтказиб, Навоий вилоятида чўлланишга қарши кураш марказини ташкил этиш, шунингдек, ушбу соҳа мутахассисини вилоят ҳокими маслаҳатчиси сифатида тайёрлаш бўйича келишувларга эришди.

Делегация Хитой сафарининг учинчи кунида Фусзян провинцияси Фуджоу шаҳрида провинция губернатори жаноб Чжао Лун томонидан қабул қилинди. Томонлар рақамлашлаштириш, қурилиш материаллари тармоғи, кимё саноати йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини олиб боришга келишиб олишди. Жараёнда Хитойнинг «Қунфенг» ва «КОМОО» компаниялари фаолияти билан ҳам танишилди.

Делегация яна бир муҳим манзил — тош саноати учун кадрлар тайёрлашнинг асосий платформаси Нанан шаҳар ҳокимлиги ва Хуасяо университети билан ҳамкорликда ташкил этилган илмий-интеллектуал тадқиқот марказида бўлди. Ушбу Марказ билан алоқалар мустаҳкамланиб, навоийлик мутахассислар билан тажриба алмашиш ва кадрлар алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Мазкур ташрифнинг энг муҳим янгиликлардан бири Нанан шаҳридаги Шуйтоу тош кўргазма-савдо майдони ҳудудидан Навоий вилояти учун алоҳида майдон ажратилиб, ушбу кўргазма-савдо майдонининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Эндиликда Хитойда вилоятнинг ўз кўргазма-савдо майдони фаолият юритади. Бу ерда Навоийда ишлаб чиқарилаётган мармар ва гранит тошлари намойиш этилади ва электрон савдо платформаси орқали бутун дунёга сотилади.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер