Чўли ҳам, кўли ҳам бор туман

21:31 06 Июнь 2022 Жамият
787 0

Фото: Халқ сўзи

Улуғнор Андижон вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири бўлиб, қўшни Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманига ёндош. Бир пайтлар қум барханларидан иборат бўлган ҳудуд ҳозирда ҳақиқий бўстонга айланган. Қишлоқ хўжалигидан тортиб енгил саноатгача кириб келган Улуғнордан она табиат саховатини аямаган. Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан 5 июнь - Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган тадбирларни айнан Улуғнорда ўтказгани сабаби ҳам шунда.

Туманга уюштирилган экотур иштирокчилари дастлаб табиат мўъжизаларини ўзида мужассам этган «Дўстлик» массивидаги қум барханига ташриф буюрдилар.

— Улуғнорда ҳозирда қишлоқ хўжалиги кенг ривожланган, — дейди Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Азизбек Акбаров. — Шундай бўлишига қарамай, 50 гектардан иборат қум барханларидан ҳам холи эмас. Улар табиатда қандай пайдо бўлган бўлса, шу ҳолатда сақланмоқда. Бу ерда «Қизил китоб»га киритилган ўнлаб ҳайвон, парранда ва судралиб юрувчиларни кўриш мумкин. Сунъий шароитга ҳожат йўқ. Ҳатто айрим жониворларни кўпайтириш учун ҳам табиий имкониятлардан фойдаланилади. Бу каби манзилларни асраш борлиқни, иқлимни, оламни ўзгаришдан асрайди.

Улуғнор қумликдан иборат чўлгина эмас, балки, чўлдан ҳам кенгроқ майдонни эгалловчи кўлига ҳам эга. «Андижон балиқ» МЧЖга қарашли ушбу манзилда 60 га яқин кўл ва ҳовузлар мавжуд.

— 1,5 минг гектар майдондан иборат ушбу кўлнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд, — дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Дилмуроджон Тўрақулов. — Масалан, бу ерда «Қизил китоб»дан ўрин олган ва Андижон вилоятининг ҳеч бир манзилида учрамайдиган турангил, ёввойи жийда дарахтларини, юлғин бутасини кўришингиз мумкин. Улар табиий шароитда униб чиққан ва ҳеч қандай парваришсиз «яшамоқда». Бундан ташқари сув ўтларининг 20 дан, судралиб юрувчиларнинг 15 дан, паррандаларнинг 50 дан, балиқларнинг 20 дан ортиқ турлари бор. Мана шундай табиат инъомини броконерлардан асраш, кейинги авлодларга ҳам мерос қолдириш мақсадида аниқ ва пухта режалар ишлаб чиққанмиз.

«Андижон балиқ» МЧЖ раҳбари Абдусалом Рўзматовнинг маълум қилишича, ушбу ҳовузларда сазан, оқ амур, қора чипор каби балиқ турлари парваришланмоқда. Жамият томонидан 2021 йилда ички бозорга 4,5 минг тонна балиқ етказиб берилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 5 минг тоннани ташкил этиши кўзда тутилган. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда интенсив усулда балиқ парваришлаш, янги балиқ турларини олиб келиш ва маҳаллий шароитга мослаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қайта ишлаш ва йилига 4,5-5 минг тонна озуқа грануласи тайёрловчи корхоналар мавжуд.

Экотур доирасида соҳада фаоллик кўрсатаётган ходимлар, мамлакатимизда экологик муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган ОАВ ходимлари ва ижтимоий тармоқ фаоллари рағбатлантирилдилар.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер