“Чиройли” авторақамларни сотишда қачон таниш-билишчиликка чек қўйилади?
Хабарингиз бор, 2017 йилдан бошлаб “чиройли” авторақамларни онлайн-аукционлар орқали сотиш йўлга қўйилган эди. Бунинг натижасида икки йил ичида давлат бюджетига 200 млрд. сўмдан ортиқ маблағ келиб тушди. Илгари эса бу пуллар қаёққа кетгани номаълум.
Аммо аукциондан фақат уч тоифадаги рақамларни харид қилиш мумкин эди. Уларнинг ичида 117, 171, 177, 272, 515, 717, 727 каби иккиталик “кўзгу”("зеркалный") рақамлар йўқ эди. Очиғини айтиш керак, бундай рақамлар ҳозир “таниш-билишчилик” орқали сотиляпти.
Гап шундаки, ҳозир бу каби авторақамлар савдоси назорат қилинмаяпти, бу эса коррупцияга олиб келмоқда. Шу йил сентябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Сулаймонов ушбу тизимда шаффофликнинг йўқлиги ички ишлар органларининг авторақам беришда ҳар доим ҳам кетма-кетликка риоя этмаслигига олиб келаётгани, иш эса нархларни ошириш воситасида “ҳал этилаётгани”ни қайд этиб ўтганди.
У.Сулаймонов бу оқибатда коррупциялашган муҳит яратаётгани, “чиройли” рақамларни бериш эса бўлимнинг масъул ходимлари хоҳиш-истакларига боғланиб қолаётганини билдирганди.
Яқинда муҳокама қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича беришда “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилса, ана шундай ҳолатларга ҳам барҳам берилади.
Зеро, унга кўра, мазкур авторақамларни Тошкентда 5 базавий ҳисоблаш миқдори(БҲМ, муҳокама қўйилган вақтда қарийб 1,1 млн. сўм) ва ҳудудларда 4 БҲМ нархида сотиш режалаштирилган.
Қолаверса, бошланғич нархларни икки ва уч БҲМга пасайтирган ҳолда, мавжуд иккита тоифани ҳам ўзгартириш режалаштирилган.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкаси бўйича беришда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилган.
Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириши кўрсатиб ўтилган.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ ахборот тизимида аукцион ўтказиш йўли билан автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини беришда ундириладиган оширилган тўлов ставкалари бўйича сотиш самарадорлигини ошириш мақсадини кўзлаган.
Қарор лойиҳасида оширилган тўлов ставкалари бўйича бериладиган I, IA, III, IIIA типидаги автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг рўйхати ҳам кўрсатиб ўтилган кўрсатиб ўтилган .
Дарвоқе, рўйхат билан танишган бўлсангиз, ундаги РЎДРБ қисқартмаси рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари, БҲМ эса базавий ҳисоблаш миқдорини англатади.
Лойиҳа муҳокамаси 10 январгача давом этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг