Чекка қишлоқдаги оила ойига 1,5 минг АҚШ доллари ишлаб топмоқда
Фото: Шерзоджон ҲАМРОЕВ
Рўзғор каму кўстини тўлдириш уддасидан чиқолмаётган бир киши донишмандга учраб, “Эрта-ю кеч елиб–югураман, ишлайман, аммо нега бирим икки бўлмайди”, дея дарду ҳол қилди. Шунда донишманд “Ишлашни ҳатто ҳайвон ҳам билади, сен ишнинг кўзини бил”, дея танбеҳ аралаш маслаҳат берган экан.
— Бу айни ҳақиқат,—дейди Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Садриддин Шаропов.— Замонанинг ўзи ишнинг кўзини билиб меҳнат қилишни талаб этяпти. Қувонарлиси, орамизда ана шундай тадбиркор инсонлар тобора кўпаймоқда. Маҳалладошимиз Фарҳод Жалиловнинг фаолияти фикрим тасдиғи бўла олади.
Маҳалла оқсоқоли Фарҳод акани бежизга мисол тариқасида келтирмади. Нафақат ўзи, балки турмуш ўртоғи ва келинининг ҳам ишсизлиги хонадон соҳиби сифатида уни ўйлантириб келаётганди. Яхши инсонларнинг биргина турткиси бу оила ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Гап шундаки, улар маслаҳати билан Фарҳод Жалилов уйида тиш тозалагич воситасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бунинг учун тишининг кавагида асраб юрган маблағни сарфлади. 7 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига олинган бу дастгоҳ кунига 200 қути маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Ҳар бир қутида 700 дона тиш тозалагич бор. Эътиборлиси, шу кичик бир лойиҳа шарофати билан бутун бошли оила ишли бўлди. Муҳими, Жалиловлар хонадони бу ўзига хос тадбиркорлик ортидан ойига 1,5 минг АҚШ доллари миқдорида даромад топмоқда.
Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан саналган Арабхона қишлоғида 548 та хонадон истиқомат қилади. Аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан машғул. Беш бармоқ баравар эмас, деганларидек, рўзғорида етишмовчиликлар учраб турган оилалар ҳам йўқ эмас. Фарҳод Жалилов хонадони ишнинг кўзини билиш борасида уларга ибрат, намуна, десак хато қилмаймиз. Дарвоқе, Фарҳод ака маҳалла масъуллари билан бамаслаҳат ишлаб, яна иккита дастгоҳ сотиб олиш ва ўн нафар ҳамқишлоғини иш билан таъминлаш ниятида.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг