Чашмаи Айюб хазираси консервация қилинадими?
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти маркази ва кўплаб қишлоқларида неча юз йиллик тарихга эга қадимий обидалар борлиги яхши маълум. Вобкент тумани Хайробод қишлоғидаги «Чашмаи Айюб» хазираси ана шундай маданий мерос объектларидан саналади.
«Чашмаи Айюб» жомеъ масжиди имом – хатиби Амон Раҳимовнинг таъкидлашича, бу ерда ҳадис илмининг билимдони, қатор асарлар муаллифи Абу Саъд ал–Харжушининг қабри бор. У 1017 йилда вафот қилган ва Хайробод қишлоғидаги қабристонга дафн этилган.
Шундан кейин орадан 191 йил ўтиб муҳаддис олимнинг қабри устида хазира қурилади. Ҳозирги вақтда шу иншоотнинг дарвоза қисми сақланиб қолган. Меъморий ёдгорликнинг киравериш қисми пештоқига узунлиги 3,60 метр, эни эса 0,51 сантиметр бўлган бўртма арабий битиклар билан Пайғамбаримизнинг «Авваллари мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди эса зиёрат қилаверинглар», деган ҳадислари ёзилган.
— Қуръони каримда Айюб алайҳиссалом сабр-бардошли пайғамбар сифатида зикр қилинади, — дейди имом-хатиб. — Айюб алайҳиссаломнинг сабр – тоқатига ҳурмати баландлигидан халқимиз у кишининг номларига масжидлар барпо қилишган. Бу ерда шунингдек, иккита тош қудуқ (чашма) бор.
Хазиранинг «Ипак йўли: Зарафшон – Қорақум коридори» йўналиши бўйича Умумжаҳон мероси рўйхатига киритишга номзод объектлардан бири экани ҳам кўп нарсани англатади. Дарвоқе, ЮНEСКОнинг Ёдгорлик ва диққатга сазовор жойлар бўйича халқаро кенгаши (ИКОМОС) эксперти бошчилигидаги делегация аъзолари бу ёдгорликни атрофлича ўрганишган эди. Бу бежиз эмас. Хазира XIII асрда барпо этилган. Бетакрор кошинлар, ғиштлар билан ўзига хос тарзда зеб берилгани боис у ўзидан кейин қурилган меъморий обидаларга андоза вазифасини ўтаган. Яна бир жиҳати, хазиранинг бизгача етиб келган дарвоза қисми асл ҳолича тургани, яъни кейинчалик таъмирланмаганидир.

— Айнан шу хазирани ўз кўзи билан томоша қилгани Канада ҳамда Европа давлатларидан сайёҳлар келганига гувоҳман, — дейди шу қишлоқлик меҳнат фахрийси Давлат Сайфуллаев.— Мен шу ерда савоб йўлига ободончилик ишларини бажараман. Қудуқ остида чамаси етти – саккизта чашма кўзи бор. Уларни топ – тоза пахта билан беркитиб, қудуқ ичини тозалаган пайтларим бўлган. Сувини шифобахш деб эшитганман.
Биз суҳбатлашган кишиларнинг барчаси шундай қадимий ёдгорликнинг ўта таъмирталаб аҳволдалигидан таажжубда эканликларини билдиришди. Негаки, ёдгорлик ёнида унинг давлат муҳофазасида эканлиги ҳақидаги ёзув бор. Айримлар эса бу хазира кимнинг шарафига барпо этилганидан ҳам бехабар. Бинобарин, вобкентликларни шундай улуғ аждодлари борлигидан атрофлича воқиф қилиш фойдадан холи эмас.
Биз ўз навбатида Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шоҳаббос Шарофиддинов эътиборини хазиранинг забун ҳолига қаратдик.
— Бу хазира ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритишга номзод объект саналади, — дейди у. — Биз зарур ҳужжатларни тақдим қилганмиз. Мазкур масала ЮНEСКОнинг Ёдгорлик ва диққатга сазовор жойлар бўйича халқаро кенгаши (ИКОМОС) эътиборида турибди. Бу вақт билан боғлиқ жараён. Халқаро ташкилотнинг якуний қарорини куаяпмиз. Унга қадар бу тарихий обидани таъмирлаш тугул битта ғиштига тегинишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хазирани консервация қилиш юзасидан таклифларимизни ҳам берганмиз. Мақсад унинг асл ҳолатини сақлаб қолишдан иборат. Шу ниятда қор, ёмғир таъсиридан муҳофаза этиш учун хазира тепасига ёпинғич ўрнатиш таклифи ҳам ўртага ташланган. Бу жаҳон тажрибасида бор. Ҳозир эса ЮНEСКОнинг якуний қарорини кутмоқдан бўлак илож йўқ.
Маълумот тариқасида айтиш жоизки, консервация меъморий иншоотнинг қиёфасини, ташқи таъсирларга чидамлилигини узоқ муддатга сақлаш имконини беради. Унга мувофиқ, обиданинг асоси мустаҳкамланади. Ҳимоя қурилмаси барпо этилиши ҳам мумкин.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг