Чарақлаган қуёшдан хонадонлар чароғон
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш Навоий вилоятида ҳам тобора оммалашиб бормоқда.
Шу кунга қадар вилоятнинг 476 та ижтимоий соҳа объектларида 12,3 МВт, шунингдек аҳоли хонадонларининг 1 210 тасида 2,1 МВт, шу билан биргаликда 25 та фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларга 0,6 МВт қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилиб, жами 2 504 та объектда 25.2 МВт қувватли қуёш панеллари ишга туширилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, 25,2 МВтли қуёш панелларидан 1 ойда ўртача 3,8 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу тахминан 13 мингта хонадоннинг 1 ойлик электр энергияси истеъмолига тенг.
Вилоятда ўрнатилган энергия манбаларининг 792 таси, яъни қарийб учдан бир қисми тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келиб, улар қуёшдан 10,2 МВт қувватга тенг электр энергияси олишмоқда. Бу ўртача тўрт минг аҳолининг бир йиллик электр энергияси истеъмолига тенг демакдир.
— Биз яқинда 20 кВли қуёш панелини ўрнатдик, — дейди навбаҳорлик тадбиркор Насиба Жумаева. — Ўз эҳтиёжимизга етиб ортади. Энг муҳими, электр энергияси таъминотида бирорта ҳам муаммога дуч келаётганимиз йўқ. Насиб этса, ортиқча электр энергиясини сотишни режалаштириб, турибмиз.
Тадбиркорлар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида тадбиркорлик объектларга 50, 100 кВт қувватли панеллар ўрнатилиб, ишлаб чиқарилган электр токини тармоққа сотиш ҳисобига ойлик даромад топаётган тадбиркорлар сони ҳам ортмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг