Буюклик ва интеллектуал илҳом рамзи

10:39 09 Январь 2024 Жамият
548 0

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида юртимиз ва хорижда таниқли бўлган физиолог олим, “Дўстлик” ордени соҳиби, олий таълим аълочиси, академик Бакриддин Зарипов билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, олимлар, иқтидорли ёшлар вакиллари иштирок этди.

Мамлакат тараққиётига оид фундаментал тадқиқотлар олиб бораётган, долзарб масалаларни таҳлил қилиш баробарида, уларнинг ечими юзасидан ҳам амалий таклифлар бераётган фидойи олимнинг айтишича, бахтли бўлиш, тўкис ҳаёт кечириш, фаровон яшашнинг синалган йўли — илм олишдир.

— Ҳамма замонларда ривожланиш таг-замири илмга қурилган, — дейди Нью-Йорк академияси академиги (АҚШ), Халқаро физиология жамияти академиги (Швеция), Рим университети фахрий профессори (Италия) Бакриддин Зарипов. — Илмга асосланмаган ҳар қандай ғоя эса пучдир. Шу боис бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илм-фан ва таълимни ривожлантиришга энг устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ҳар бир ишда илм-фан ютуқларига таянилиб, амалиётга илғор инновацияларни татбиқ этиш пайидан бўлиняпти. Зотан, маърифатпарвар жадид боболаримиз таъкидлаганларидек, нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда.

Дарҳақиқат, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади. Билимсизлик эса жиноятдан ҳам хавфли иллат саналади. Машҳур иқтисодчи-тарихчи Карло Чипполо шундай ёзади: “Билимсизлар жиноятчилардан кўра хавфлидир. Жиноятчиларда мақсад бўлади, тентакларда эса йўқ. Шунинг учун уларнинг ҳаракатларини олдиндан билиш имконсиздир. Улар сизга ҳеч қандай сабабсиз, муддаосиз, режасиз зарар етказади. Энг кутилмаган жойда, энг ноқулай пайтда пайдо бўлади”.

Учрашувда академик юртимиз ва хориж таълим тизими, бу борада АҚШ таълими ва илм-фани ривожида Ҳарвард ҳамда Нью-Йорк университетларининг ролига бағишланган маъруза қилди. Ўта самимий руҳда, жонли мулоқот шаклидаги чиқиш йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Айтиш жоизки, маъруза мавзуси тасодифан танлангани йўқ. Бакриддин Зарипович узоқ йиллардан буён Ҳарвард университети билан ҳамкорлик қилиб, мазкур олий ўқув юрти талабаларига маърузалар ўқиб келади.

Академик эътироф этганидек, Ҳарвард университети таълим, буюклик ва интеллектуал илҳомнинг рамзи ҳисобланади. 1636 йилда ташкил этилган ушбу таълим муассасаси нафақат доно ақллар бешиги, балки бетакрор анъана ва шиорлар шаклланадиган масканга айланган. Унинг шиорлари донолик манбаи ва билимга интилиш учун рағбат сифатида ўз ўқувчиларини доимо катта ютуқларга чорлаб келган. Мана, шулардан бири: “Билим олиш азоби — вақтинчалик, билимсизлик азоби эса бир умрликдир”.

Тадбирда академик Ҳарвард университети ўқитувчилари ва талабалари ҳаёти, уларнинг илмий-амалий ишлари, онг ва тафаккурнинг билим олишдаги физиологик-генетик механизмлари, ёшларни тарбиялашда илм-фаннинг ролига батафсил тўхталди. Буюк муҳаддис аллома Имом Бухорийнинг “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқдир” деган ҳадисининг ёшларга таълим бериш ҳамда педагоглик маҳоратини оширишдаги физиологик механизмлари ёритиб берилди.

Шунингдек, илмий ва педагоглик фаолияти давомида қўлга киритган ютуқлари, орттирган бой тажрибаси, ёшларнинг яширин иқтидорини юзага чиқариш, уларнинг илм-фан оламига олиб кириш борасида олиб бораётган шарафли иши ҳақида гапириб берди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер