“Буюк ва муқаддассан, она тилим!"

23:36 21 Октябр 2023 Жамият
260 0

Қашқадарё вилоятида 21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунига бағишланган асосий байрам тадбири эрта тонгдан Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби олдида бошланди.

Вилоят ҳокимлиги масъуллари, кенг жамоатчилик ҳамда ижод мактаби ўқувчилари томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Шундан сўнг байрам тантаналари вилоят мусиқали-драма театрига кўчди. Театр фойесида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, фольклор-этнографик жамоалари, миллий-маданият марказларининг бадиий чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Шу ерда “Бехато ёзамиз” номли қизиқарли акция ҳам ўтказилди. Унда ўзбек тилидаги биттадан мураккаб сўзни бехато ёзиб берган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан китоб билан тақдирланди.

Тадбирнинг расмий қисмини Қашқадарё вилоят ҳокими ўринбосари Илҳомжон Арзиқулов очиб берар экан, мамлакатимизда ўзбек тили нуфузи ва мавқеини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, сўзга чиққан тилшунос олимлар, ижодкорлар ўзбек тилининг софлигини таъминлаш, ёшларга тил қоидаларини пухта ўргатиш зарурлигини таъкидлади. “Давлат тили ҳақида«ги қонуннинг ижросини таъминлашда ҳар бир инсоннинг масъуллиги тўғрисида сўз юритилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими томонидан ўтказилган “Буюк ва муқаддассан, она тилим!» ҳамда “Мустақиллик — менинг ҳаётимда” танловлари ғолибларига мукофотлар тантанали равишда топширилди. Бир гуруҳ фидойилар вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги катта байрам дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер