Буюк Британия Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида қўллаб-қувватлайди
Фото: Халқ сўзи
Жорий йилнинг 9 февраль куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни доирасида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тим Торлот ҳамда Британия Бизнес ва савдо департаменти мутахассислари билан икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди.
Музокараларда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Музокаралар гуруҳи аъзолари, шунингдек, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Суҳбат чоғида Британия томонига Ўзбекистон томонидан Ташкилотга аъзо бўлиш бўйича, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳининг навбатдаги, 6-йиғилишига тайёргарлик кўриш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон томонидан тақдим этилган барча ҳужжатлар бўйича Буюк Британия мутахассисларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Шу билан бирга, Буюк Британиянинг Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлиш жараёнига техник кўмак кўрсатиш лойиҳаси доирасида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича келгусида ҳамкорликни давом эттириш ва икки томонлама музокаралар жараёнини жадаллаштириш бўйича аниқ қўшма чора-тадбирларни кўришга тайёрлик билдирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг