Буюк аллома номи билан аталадиган мактаб филиали фойдаланишга топширилди

10:50 24 Март 2026 Жамият
215 0

Наврўз айёми кунларида Бухоро шаҳрида Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиали фойдаланишга топширилди. Собиқ «Меҳрибонлик уйи» ўрнида барпо этилган билим даргоҳида замонавий шарт-шароитлар яратиш учун 13,5 миллиард сўм маблағ харж қилинди.

— Дунёдаги кўплаб кўча-ю хиёбонлар, ўқув муассасалари, кутубхоналарга жаҳонда Авиценна номи билан танилган буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино номи берилган, — дейди мазкур филиал раҳбари Қамбара Болтаева. — Сайёрамизнинг кўплаб шаҳарларида унинг ҳайкалини учратиш мумкин. Шу нуқтаи назардан аллома туғилиб ўсган юртда унинг номидаги илм масканининг очилиши барчамизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. Ўз навбатида зиммамиздаги масъулият ҳам катта. Жамоамиз буюк аждодимиз издошлари бўлган ўғил-қизларнинг замонавий илм-фан сирларини чуқур ўзлаштириши учун билим ва салоҳиятини аямайди.

Уч қаватли ўқув биноси 360 ўқувчига мўлжалланган. Кенг ва ёруғ синфхоналар, фан лабораториялари, кутубхона, спорт зали, мактаб йўналишига мос тўгараклар ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга, бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади. Билим маскани 120 ўринли ётоқхонага ҳам эга.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер