Бухоролик ихтирочи аёл оқова сувни тозалашнинг самарадор усулини яратди
Бухоро давлат университети ўқитувчиси, кимёгар олима Матлуба Амонова бўяш ва пардозлаш корхоналарида ҳосил бўладиган оқова сувни тозалаш жараёнини такомиллаштириш имконини берадиган самарадор усулни яратди.
-Маълумки, собиқ иттифоқ даврида республикамизда етиштирилаётган пахта толасининг бор-йўғи 10-15 фоизи қайта ишланарди, — дейди М. Амонова.-Мустақилликка эришилгандан сўнг, айниқса сўнгги беш йилликда етиштирилаётган толанинг 65-70 фоизи қайта ишланмокда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, 2021 йилга бориб хом ашёнинг юз фоизини яримфабрикат ёки тайёр маҳсулот сифатида ишлаб чиқариш режалаштирилган.Биламизки,пахта толаси асосида тайёр маҳсулот олиш ва пардозлаш жараёнларида катта миқдорда сув сарфи кузатилади. Рақамлар тили билан айтганда, 1 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун 250-300 тоннагача сув сарфланади. Калава ипни оҳорлаш, уни ювиш, оқартириш ва матога гул босиш ва ундан кейин матони турли эритмалар билан ювиш натижасида жуда катта миқдорда муаллақ заррачалар, оҳор, СФМ, бўёқлар, органик ва ноорганик моддалар пайдо бўлади ва улар сувнинг ўта ифлосланишига олиб келади. Бу эса экологияга жуда катта зарар келтиради. Шу сабабли, ушбу соҳадаги оқова сувларни кимёвий усулда тозалаш шу кеча кундузнинг долзарб масалаларидан биридир.
Анъанавий усулда асосан фаолланган кўмир, сульфат кислота ва алюминий сульфатдан фойдаланилади.Аммо активланган кўмир таннархининг юқорилиги оқова сувни тозалаш харажатининг кескин ошишига сабаб бўлмоқда. Тадқиқотчи томонидан таклиф этилаётган тозаловчи композицион таркиби эса маҳаллий хом ашёларга асосланган.Арзон ва самарали.У синовдан ўтказилганида тўқимачилик корхоналари оқова сувини тозалаш самарадорлиги 97 фоизгача ортгани кузатилди.
Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти шундан иборатки, оқава сувларни бентонит, алюминий сульфат, натрий гидросульфит ва полиакриламид асосидаги “сорбент – коагулянт – флокулянт” системаси билан тозалашнинг назарий асосларини яратиш учун илмий пойдевор яратилди. Тозаловчи ингридиент сифатида Навбаҳор конининг бентонити, флокулянт сифатида полиакриламид, натрий бисульфит ва алюминий сульфат қўлланилди. Шу усул битта тўқимачилик фабрикасида 97 миллион сўмдан зиёд йиллик иқтисодий самарадорликка эришиш имконини беради.
-Бир тонна оқова сувни тозалашда анъанавий композиция сарфи 6 килограммни, пулга чаққанда 7665 сўмни ташкил этади,- дейди тадқиқотчи.-Биз таклиф этаётган композицион абсорбентнинг сарфи эса мос равишда 8,25 килограмм ва 5899 сўмдир.Бинобарин, дейлик, “ТSK”корхонаси бир йилда ўртача 55000 тонна маҳсулот яъни мато ишлаб чиқарса, биз таклиф этаётган композитларни қўллаш эвазига 97 130000 сўм фойда олади.
Янги усулнинг самарадорлигини у қўллаб кўрилган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “ТSK”қўшма корхонаси, “Имидж текстиль” масъулияти чекланган жамияти маъмуриятлари томонидан тузилган далолатномалар ҳам тасдиқлайди.Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2019 йил 11 апрелдаги 03-02/3-1945-сонли маълумотномаси ҳам олинган.
Айтмоқчи, изланувчан олима яқинда “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” III Республика танловида ушбу кашфиёти билан қатнашиб,“Энг самарали инновацион лойиҳа (фан ва техниканинг устувор йўналишлари бўйича)” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг