“Бувижоним пишириқлари”ни татиб кўрмабсиз...
Фото: “Халқ сўзи”
Қундуз Каромова ўз тадбиркорлик фаолиятини бундан қарийб чорак аср аввал бошлаган. У дастлаб Қарши туманида “Гулшан” хусусий ишлаб чиқариш фирмасини таъсис этиб, унинг негизида нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Аввалига икки-уч киши билан ишлаган бўлса, бора-бора ишчилар сони йигирмадан, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури эса 30 дан ошиб кетди.
Тадбиркор аёл бу муваффақият билан чекланиб қолмади. Мудом олдинга ҳаракат қилишда, катта-катта мақсадлар сари интилишда давом этаверди. 2007 йил Ҳиндистон ва Германияда, 2009 йил Японияда, 2011 йил Малайзия, 2014 йил Хитойда ташкил этилган бизнесга оид анжуманларда иштирок этиб, тажриба оширди.
2018 йилда Қарши шаҳрида “Бувижоним пишириқлари” хусусий корхонани таъсис этиб, нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлади.
— Корхонамиз Германия ва Туркиядан келтирилган энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган, — дейди Қундуз Каромова. – Бу ерда ойига 80 тоннадан ошиқ маҳсулот, хусусан, 40 турдаги парҳезбоп нон ва нон маҳсулотлари, 100 турда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкони мавжуд.
Айни вақтда корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилмоқда. Бу фаолият ортидан эса ҳудуддаги 58 нафар кишининг бандлиги таъминланган. Тадбиркор аёл янги технологияларни олиб келиш ва корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш эвазига яна 50 та қўшимча иш ўрни яратиш ҳаракатида.
Халқимизда қилинган ҳақиқий меҳнат албатта ўз эътирофини топади, деган нақл бор. Қундуз Каромованинг тадбиркорлик соҳасидаги узоқ йиллик меҳнати эътироф этилиб, Президентимизнинг 2023 йил 18 августдаги Фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг