Буларнинг барчаси Конституция талабларининг ҳаётдаги яққол ифодасидир
Мамлакатимиз аҳолиси томонидан тантанали нишонланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги миллий давлатчилигимизнинг энг катта ютуғидир.
Бош Қомусимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкам кафолати эканлиги билан тенгсиз аҳамиятга эга!
Конституциямиз, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишига асос солди. Эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигини таъминлади. Жонажон Ўзбекистонимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалиб, унинг халқаро майдондаги обру-эътибори муносиб баҳоланди. Бир сўз билан айтганда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда фуқароларнинг турмуш фаровонлиги юксалиб, кучли давлат юзага келди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш учун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича «Ҳаракатлар стратегияси» ҳаётимизга изчиллик билан тадбиқ этилаётгани бу йўлдаги юксак қадамдир. Таъбир жоиз бўлса, мазкур тарихий ҳужжат ўз моҳият эътиборига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг «йўл харитаси»га айланди.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган барча жабҳалардаги тарихий ислоҳотларни бевосита назорат қилиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш тизими ишлаб чиқилди.
Конституциямизнинг инсонпарварлик ғояларини тараннум этувчи 13-моддасида бундай дейилади:“Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. Давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институтлар – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ҳамда тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхоналарининг ташкил этилиши ушбу тамойилларнинг яққол ифодасидир. Улар, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини фуқароларга янада яқинлаштириб, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали ва тезкор тизимига айланди. Шу тариқа, ҳокимиятнинг халқ сайлаган вакиллик органлари – Парламент, Халқ депутатлари кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгарди. Шунингдек, Олий Мажлис ҳамда сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, Парламент ва жамоатчилик назорати институтлари конституцион стереотиплари таъсири остида мустаҳкамланмоқда.
Конституциянинг 7-моддасида мустаҳкамланган «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган улуғвор ғоянинг амалий ифодаси сифатида, ижро этувчи ҳокимиятни демократлаштириш ишлари ҳам изчил йўлга қўйилди. Ҳукуматнинг вазифа ва ваколатлар доираси кенгайтирилиб, Парламент олдида ҳисоб бериш даражаси ҳамда масъулияти кучайтирилди.
Фуқароларимизнинг Конституцияда белгилаб қўйилган давлат органлари ва муассасаларига, халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида оммавий учрашувларда мурожаатларни қабул қилиш тартиби жорий этилгани ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Жумладан, вилоят прокуратураси органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишга ва бевосита фуқаролар қабулига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, 2020 йилнинг ўтган 10 ойи давомида вилоятда қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини таъминлаш борасида 6.567 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 3.478 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланди.
Аҳоли манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш борасида вилоятнинг туман ва шаҳарларида ўтказилган сайёр ва оммавий қабулларда 2000 нафар жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аксарият қисми ижобий ҳал этилди.
Протест келтириш йўли билан мансабдор шахсларнинг 2.030 та қонунга зид ҳуқуқий ҳужжатлари амалдаги қонун талабларига мослаштирилди. Қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича 1.208 та тақдимнома киритилиб, 1.160 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди.
Конституциямизнинг 55-моддасида: “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”,-дейилган. Келажак авлод манфаатлари йўлидаги бу улуғвор ғояни таъминлаш борасида вилоят прокуратураси томонидан доимий назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, вилоятда 9247 та ҳолатда 2232 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланиб, улардан 8251 та ҳолатда 2077 гектар ер майдонларини туман захирасига қайтарилиши таъминланди. Фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг атроф-муҳит муҳофазаси йўлидаги масъулияти ва жавобгарлигини таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Жумладан, 2-сектор тасарруфидаги ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга, «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ», «Обод марказ» дастурлари ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратилган.
Ижтимоий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат қатъий йўлга қўйилган. Қонунга зид ҳужжатларга протест киритиш, аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш тизими тезкор ишламоқда.
Бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилмоқда. Давлат ғазнасига тушумларни ўз вақтида таъминлаш юзасидан белгиланган барча чора-тадбирлар ижобий самара бераётир.
Фуқароларнинг барча Конституцион ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлангани, тадбиркорлар манфаатларининг қонун талаблари даражасида ҳимоя қилинаётгани вилоятда ижтимоий-иқтисодий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилаётир. Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси Конституция талабларининг ҳаётдаги яққол ифодасидир.
Салом САМАДОВ,
Тошкент вилояти прокурори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг