Бухородаги дорихоналарда тиббий ниқоб ва антисептик воситалар қанчадан сотиляпти?

17:28 06 Апрель 2020 Жамият
1161 0

Бухоро вилоятидаги аксарият дорихоналарда тиббий ниқоб нархи 900 сўм эканлиги ҳақидаги ёзув туширилган лавҳалар илиб қўйилди. Вилоятнинг 4 – сектор ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганиш ишларидан сўнг харидорларни огоҳ этиш мақсадида шундай йўл тутилди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизматидан билдиришларича, ўрганиш давомида кўпгина дорихоналарда бир марталик тиббий ниқоблар ва 70 фоизлик тиббиёт этил спирти 1000 сўмдан 1500 сўмгача сотилаётгани аниқланган. Шундан сўнг сектор раҳбари ва ишчи гуруҳи аъзолари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчи корхоналар мутасаддилари эътиборини аҳолини имкон қадар қўллаб-қувватлаш, фуқароларга енгиллик яратишга қаратганлар. Натижада карантин кунларида жуда зарур ва катта эҳтиёж сезилаётган шу икки маҳсулот нархи 900 сўмга тушди. Ўз навбатида харидорлардан мабодо ушбу маҳсулотлар қиммат сотилгудек бўлса, солиқ органлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бўлими телефонларига қўнғироқ қилиш сўралди.

Айтиш жоизки, айни дамда вилоятдаги 800 тадан зиёд дорихонага солиқ органларининг 59 нафар ходими масъул этиб биркитилган.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер