Бухорода «Ёшлар ва қонун» танлови республика босқичи ғолиблари аниқланди
Фото: Халқ сўзи
Бухоро шаҳрида «Ёшлар ва қонун» танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этувчи ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини ошириш жамиятда қонун устуворлигини, суд – ҳуқуқ тизимидаги шаффофликни таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Айни шу мақсад кўзда тутилган «Ёшлар ва қонун» танлови Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ички ишлар, Адлия, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Ёшлар иттифоқи ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги каби қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди. Унда соҳа масъуллари уч кун давомида «Ҳуқуқий муаммога тезкор ечим», «Ҳуқуқий пенальти», «Менинг қонунчилик ташаббусим», «Конституция билимдони», «Суд мажлислари модели» каби шартлар асосида жамоаларнинг билимларини синовдан ўтказди.

— Ушбу танловга тайёрланиш жараёнида кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, Конституция, турли кодекслар, китобларни ўқидик, — дейди Наманган вилоятининг «Адолат» жамоаси аъзоси Гулноза Ҳасанбоева. — Судлардаги оқловчи ва қораловчиларнинг фаолиятларини таҳлил қилдик. Натижада ҳуқуқий билимимиз янада ошди. Ўзимизнинг фуқаро, истеъмолчи, ўқувчи сифатидаги ҳақ-ҳуқуқларимизни билиб олдик. Бу бизга келажакда маълум бир касбни эгаллашда, жамоада ўз ўрнимизни топишимизда қўл келади, албатта.
Танлов якуний натижаларига кўра, 14 – 18 ёш тоифасидаги баҳсларда биринчи ўринни Сурхондарё вилояти «Хўжомқон» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Ёш ҳуқуқшунос» жамоаси, 18 – 30 ёш тоифасида эса Наманган вилояти «Чортоқ» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Диёнат» жамоаси эгаллади. Кейинги ўринлар мос равишда Сирдарё, Самарқанд, Бухоро ва Қорақалпоғистон Республикаси вакилларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирландилар.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг