Бухорода қовун сайли бошланди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоронинг неча минг йиллик тарихга эга қовунчилик анъанасини бор. Истиқлол йилларида бу анъанани давом эттириш, ушбу полиз экинининг унутилган навларини қайта тиклаш, аҳоли дастурхонига шириндан-шакар қовунлар етказиш, шунингдек, хорижий сайёҳларга воҳанинг гастрономик имкониятларини кўрсатиш вазифаси кун тартибига чиқди. Натижада 1996 йилдан бошлаб «Қовун сайли» тадбирини ўтказишга киришилди.
Навбатдаги сайл кўҳна Арк қўрғонига туташ майдонда ташкил этилди. Унда ҳар бир туман ўз павильони билан иштирок этмоқда.
— Бу йил тўрт гектар майдонда қовун ва тарвуз етиштирдик, — дейди Пешку туманидаги «Қорақалпоқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Жума – 90» фермер хўжалиги раҳбари Одил Рамазонов. — Қовуннинг «Бўрикалла», «Амири», «Обиноввот» каби навлари харидоргир саналади. Ҳозиргача улардан ўттиз тонна сотдик. Кези келганда, табиий иқлим ўзгариши, об-ҳавонинг инжиқликлари, зарарли ҳашаротлар полизчилик ривожига тўсиқ бўлди. Агар селекционерларимиз биз билан ҳамкорлик қилиб, қовуннинг ташқи таъсирларга чидамли, серҳосил навларини яратишса, нур устига аъло нур бўларди.

Маълумки, ёз жазирамаси сабаб сайёҳлар оқими сусаяди. Шунга қарамай, сайлда хорижий меҳмонларни учратиш мумкин.
— Куни кеча Хива шаҳрини томоша қилиб, Бухорога келдик, — дейди ўзини Беатри Энен дея таништирган ирландиялик сайёҳ. — Бу ердаги турфа ноз-неъматларни кўриб, ҳайратга тушдик. Қовундан татиб кўрдик. Жуда ширин. Меҳмондўстлик учун халқингизга ташаккур.
Қовун сайли эртага ҳам давом этади. Шундан сўнг полизчиликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётган деҳқонларни ташкилотчилар томонидан тақдирлаш маросими ўтказилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг