Бухорода ўтказилган «Театр томошалари ҳафталиги» доирасидаги тадбирлар санъат мухлисларида қандай таассурот қолдирди?
Фото: Халқ сўзи
Бухорода «Театр томошалари ҳафталиги» доирасида вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан бир қатор спектакль ва театрлаштирилган концерт дастурлари намойиш этилди. Ҳар йили 21 – 27 март кунлари анъанавий тарзда ташкил қилинадиган мазкур ҳафталик санъат мухлисларини бефарқ қолдирмади.
— Театрда намойиш этилган «Туҳматчилар жазоси» комедияси менда яхши таассурот қолдирди, — дейди томошабинлардан бири, меҳнат фахрийси М. Эргашева. — Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг бу асарида янгиликка интилиб яшашни истаган оилани парчаламоқ бўлганлар ҳажв тиғи остига олинади. Туҳматчи, ғийбатчи кимсаларнинг қилмишлари фош этилади. Гарчи, мазкур асар бундан 100 йилча муқаддам ёзилган бўлсада, бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Спектаклнинг муваффақиятида театр актёрларининг маҳорати катта роль ўйнади, деб ўйлайман.
Ҳафталик давомида театримиз жамоаси шунингдек, А.Сагареллининг «Хонума» мусиқали комедияси, Ҳ.Жовуднинг «Сегоҳ» мусиқали драмаси, В.Шекспирнинг «Ричард III» трагедиясини томошабинлар эътиборига ҳавола этди. Санъат мухлислари ҳар гал куй-қўшиқлар ва ҳавода муаллақ турувчи дарвишлар,театр фойесида ташкил қилинган рассомлар кўргазмаси билан қарши олинди. Саҳна декорациялари ва тарихий спектакллар либослари кўргазмаси ҳам ташкил қилинди.
«Театр кунлари» тадбирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ҳошимова, Саодат Ғуломова, «Дўстлик» ордени соҳиби Раҳим Эргашев, «Шуҳрат» медали соҳиби Анвар Мавлонов, Туроб Жумаев, Зайниддин Каримов, Ҳамид Исломов, Содиқ Муродов, Нурулло Чўлиев, Муаззам Сафарова, Жамила Шодмоновалар билан бирга ёш артистларимиз Дилафрўз Кенжаева, Феруза Асадова, Мирзо Сафаров, Орифа Очилова, Суҳроб Қурбонов, Исломбек Исломовлар фаол иштирок этдилар.
Моҳигул НАЗАРОВА,
Бухоро вилоят мусиқали драма театри адабий бўлим мудири,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг