Бухорода грузиялик режиссёр “Шум бола”ни саҳналаштирмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро вилоят мусиқали драма театри репертуаридан тез орада яна бир асар ўрин олади. Театрда таниқли грузин режиссёри Каха Гогидзе томонидан Ғафур Ғуломнинг машҳур “Шум бола” қиссаси саҳналаштирилмоқда.
— Актёрлар турли йўналишларда турли режиссёрлар билан ишлашса, уларнинг янги қирралари очилади, хорижий мактаб тажрибаси театр учун ҳам фойдали бўлади, — дейди журналистлар билан суҳбатда ушбу асарни инсценировка қилган санъатшунос Ойбек Копадзе. — Бу томошабинлар учун ҳам қизиқарлидир. Чунки ҳар бир соҳада янгича нигоҳ эътиборни тортмай қўймайди. Биз бунга Каха Гогидзенинг Қашқадарё ҳамда Самарқанд вилоятлари театрлари билан ҳамкорликда яратган саҳна асарлари мисолида ишонч ҳосил қилганмиз.
Дарҳақиқат, истеъдодли бу режиссёр илгари шу икки вилоят театрида машҳур адиб Нодар Думбадзенинг “Ҳелладос” ҳикоясини, шунингдек, дунёнинг кўплаб давлатлари театрларида намойиш этилган, грузин драматургиясининг шоҳ асарларидан саналган “Ханума” пьесасини саҳналаштирган. Ҳар иккала ижодий лойиҳа театр ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинган эди.
Айтмоқчи, грузин санъаткорининг “Шум бола”ни саҳналаштиришга жазм этгани ҳам бежиз эмас. Ўзбек адабиётининг забардаст вакили саналган Ғафур Ғулом қаламига мансуб бу асар Буюк Британиянинг ВВС нашри томонидан “Барча даврларнинг 100 та энг буюк болалар китоблари” рўйхатига киритилган.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг