Бухоро давлат университетида талабаларнинг яшаш шароитлари яхшиланмоқда

15:56 02 Ноябрь 2023 Жамият
356 0

Фото: “Халқ сўзи”

Олий ўқув юртлари талабалари учун турар жой масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган. Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу масала ечими сари йўл очмоқда. Бухоро давлат университетида шу қарор ижроси доирасида талабалар учун 400 ўринли замонавий турар жой қурилиб фойдаланишга топширилди.

Таълим муассасасида талабаларнинг ўқиш, яшаш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун яратилган қулайликлар билан жамоатчиликни таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.

— Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз, жумладан вилоятимиз олий ўқув юртларида талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, уларга сифатли хизмат кўрсатиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда, – дейди университети ректори Обиджон Ҳамидов тадбир олдидан ўтказилган матбуот анжуманида. –Бу ишлар самарасини университетимиз фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, олий ўқув юртида йигит-қизларнинг замонавий фан сирларини чуқур эгаллашлари, малакали кадр сифатида шаклланишлари, спорт билан шуғулланишлари, бир сўз билан айтганда, ўз салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун ҳавас қилса арзигулик шарт-шароитлар яратилган. Янги ётоқхонага келсак, у университет ҳудудида қад ростлаётган 2700 ўринли ўқув биноси, илмий–тадқиқот лабораторияси, ахборот–ресурс маркази мажмуи таркибида барпо этилди. Тўрт қаватли турар жой биносини қуриш учун 10 миллиард 462 миллион сўм, ётоқхонани жиҳозлаш учун эса бир миллиард 100 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди. У алоҳида иситиш қозонхонасига эга. Тўртта маънавият хонаси, саккизта кичик ошхона, кир ювиш хоналари – буларнинг бари талаба-ёшларнинг билимларини мустаҳкамлашлари, рисоладагидек яшашлари учун қўл келадиган қулайликлардир.

— Бу иншоот олий ўқув юртимиздаги талабалар турар жойининг саккизинчи биноси,–дейди университет филология факультетининг журналистика йўналишида сабоқ олаётган Севинч Бердиёрова. – Янги ётоқхона ёшлар давлатимиз томонидан доимий ғамхўрлик остида эканидан далолат беради. Ўз навбатида биз, талабалар бу эътиборни қадрлашимиз, турар-жойни тоза-озода сақлашимиз керак. Токи, у бўлғуси талабалар учун ҳам қулай ва шинам ётоқхона бўлиб қолсин.

Талабалар турар жойини фойдаланишга топшириш муносабати билан ўтказилган тадбирда сўз олганлар ҳам шу мазмундаги фикр-мулоҳазаларни баён этдилар. Бино атрофини кўкаламзорлаштириш мақсадида журналист ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида кўчат ўтқазиш тадбири ҳам ўтказилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер