Бугун Тошкентда мамлакатимизда етиштирилган заъфарон маҳсулотининг тақдимот маросими бўлиб ўтди

23:39 05 Февраль 2021 Иқтисодиёт
1137 0

Бугун пойтахтимиздаги Hayat Regency Tashkent меҳмонхонасида BMB ZAʼFARON бренди остида етиштирилаётган заъфарон маҳсулотининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Қайд этилишича, BMB ZAʼFARON бренди остида жаҳон бозорига экспорт қилинаётган маҳсулот мамлакатимизнинг энг гўзал ва экологик тоза минтақаларидан бири — Жиззах вилоятининг Бахмал туманида етиштирилмоқда.

Далаларда қўлда йиғилган гуллар дастлабки ишлов бериш цехига келиб тушади. Бу ерда корхона ходимлари улардан ҳосил таначаларини ажратиб олади.

Шундан сўнг 2 соат давомида махсус машинада қуритиш жараёнидан ўтган заъфарон қадоқлашга тайёр бўлади.

Маълумки, Шарқнинг буюк табиби Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида заъфарон 100дан ортиқ турдаги касалликни даволашда қўлланишини маълум қилган.

Аҳолининг ушбу қимматбаҳо маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондириш учун бугун пойтахтимиздаги Hayat Regency меҳмонхонасида Tashkent BMB Trade Group компанияси BMB ZAʼFARON бренди остидаги заъфарон маҳсулотларининг тақдимотини ўтказди. Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари вакиллари, санъат намояндалари, тадбиркорлар, республикамизда аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

BMB Trade Group Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов тақдимотни кириш сўзи билан очди. У компания маҳсулотлари тегишли сертификатларни қўлга киритгани, маҳаллий ва хорижий экспертларнинг юқори баҳоларини олишга муваффақ бўлганини таъкидлади.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов BMB ZAʼFARON брендининг бугунги тақдимоти ички заъфарон бозорида янги иштирокчи пайдо бўлгани ва бу, шубҳасиз, доривор ўсимликлар бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилишини қайд этди.

BMB ZAʼFARON брендининг тақдимоти жараёнида соҳа мутахассислари меҳмонларга тақдим этилган заъфарон маҳсулоти ҳақида ижобий фикрлар билдирди.

Тадбир якунида Ўзбекистон ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Олим Ҳакимов ва BMB TRADE GROUP ижрочи директори Абдурашид Шарафутдинов томонидан ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, заъфарон маҳсулотларини онлайн равишда экспорт қилишни ташкил этиш мақсадида BMB TRADE GROUP бош директори Бахтиёр Зулфиқоров ва STE (Саудия Арабистони) бош директори Убайдуллоҳ дистрибюторлик тўғрисидаги шартномани имзолади.

Имзоланган ҳужжатлар давлатимиз раҳбарининг миллий маҳсулотлар экспорти ҳажми ва жуғрофиясини янада кўпайтириш, хусусан, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари бозорларини янги турдаги маҳсулотлар ҳисобидан ўзлаштириш бўйича ташаббуслари ижроси доирасида катта аҳамиятга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер