Бу кунни оз эмас, ўттиз йил кутдим

16:15 08 Октябр 2021 Жамият
893 0

Фото: Шоҳиста Ғаффорова / Халқ сўзи

Мен 1967 йили Қирғизистон Республикасида туғилганман. Тўқсонинчи йиллардан буён қадрдон Ўзбекистонда яшаб, меҳнат қилиб келмоқдаман.

Қарийб ўттиз йил давомида ўтган сайловларнинг бирортасида сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлмадим. Ҳар сайловда сайловчилар рўйхатини шакллантириш мақсадида хонадонимизга келган участка сайлов комиссияси аъзолари мен ва оила аъзоларимдаги фуқаролиги бўлмаган шахс учун берилган яшаш гувоҳномасини кўриб, “Сизда сайловларда қатнашиш ҳуқуқи йўқ экан”, деб қайтиб кетишар эди. Турмуш ўртоғим ва менинг ўша пайтдаги тушкунликларимизни ҳозир сўз билан таърифлаб беролмайман.

Ўқитувчиман. Ҳар бир сайлов жараёнида мен ишлаган коллежда сайлов участкаси ташкил қилиниб, бевосита сайлов жараёнларининг ташкилий ишларида қатнашар эдим, аммо ўзимда овоз бериш ҳуқуқи йўқ эди. Сайловга кетаётганларни кўриб ҳавас қилардим ва айни пайтда кўнглимдан умидсизликка тўла саволлар ўтарди... Мана, ниҳоят юртимиздаги кўплаб биз каби инсонлар қаторида жорий йилда менга ва оила аъзоларимга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Ишонинг, бу билан мен ва оиламнинг узоқ йиллик орзулари ушалди.

Сайлов кунини интиқлик билан кутяпман. Президентлик сайловида биринчилардан бўлиб овоз бераман ва бу кун оиламиз тарихининг унутилмас саҳифасига, хонадонимиз байрамига айланади.

Шоҳиста ҒАФФОРОВА,

Ширин шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер