Бу кунларга етказгани шукр
Хоразм вилоятининг Боғот туманида 108 ёшни қаршилаган табаррук онахон Назиба момо Галимова умргузаронлик қилади. Ёшлик йиллари урушнинг оғир синовлари, очарчилик ҳамда қатағон даврига тўғри келган онахон юртимиздаги тўкин-сочинлик қадрига етиш ҳақида тўлқинланиб сўзлайди, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизга шукрона айтади. Ушбу хонадондан табаррук ёшдаги момонинг дуосини олиш учун йўқлаб келувчиларнинг қадами узилмайди.
Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами онахон учун қўшалоқ шодиёнага айланди. Президентимизнинг Фармонига асосан мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдаги муносиб хизматлари учун Назиба она Галимова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Байрам арафасида вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов онахоннинг хонадонида бўлиб, унга давлат мукофотини топширди.
— Президентимизнинг бундай эътиборидан бошим кўкка етди, — дейди Назиба она. — Бугун юртимиздаги улкан ўзгаришларни, биз кексалар учун яратилаётган шароитларни кўриб шу кунларга етказганига шукрона айтаман. Эл-юрт ардоғида яшаётганимдан, шундай саодатли кунларни кўриш насиб этганидан бахтиёрман. Илоҳим юртимизга кўз тегмасин!
Одилбек ОДАМБОЕВ
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг